Қримдаги барча ҳарбий базалар Россия назорати остида

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сўнгги 48 соат мобайнида Россия қўшинлари Украинага тегишли Қримдаги учта ҳарбий базани босиб олганлар, бу билан ярим оролдаги барча ҳарбий қисм ва базалар Россия ҳарбийлари ихтиёрига ўтган.

Энг охирги база Феодосиядаги Украина ҳарбий-денгиз флотига тегишли база бўлган.

Бундан олдин кузатилгани сингари Россия ҳарбийлари зирҳли техникаси билан ҳарбий қисм девор ва дарвозаларини бузган, ҳарбий-денгиз базага икки тарафдан ҳужум қилинган.

Рус ҳарбийлари шовқин гранаталарини ишга солганлар.

Украин ҳарбий денгизчилари ўраб олинган, зобитларнинг қўллари кишанланган.

22 март куни худди шу тарзда Белбек ҳарбий базаси босиб олинган, база раҳбари полковник Юлий Мамчур номаълум томонга олиб кетилган эди.

Шу пайтгача полковникнинг қаердалиги номаълум.

Унинг ҳарбий қамоқхонага олиб кетилгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Украина президенти вазифасини бажарувчи Турчинов полковник Мамчурни зудлик билан озод этишга чақирган.

Киевдан Би-би-си мухбири хабар қилишича, Россиянинг босқинчилик амалларига қандай жавоб қайтаришни на Украина муваққат ҳукумати, на Ғарб раҳбарлари биладилар.

24 март куни Ҳаага шаҳрида жаҳондаги йирик 7 давлат раҳбарлари тўпланмоқдалар.

Россия билан бирга бу гуруҳ йирик саккизлик деб аталар, Россиянинг Қримдаги амаллари боис, Москвани бу гуруҳдан чиқариб юбориш чақириқлари янгради. Ҳаагада йирик 7 ликнинг Россия босқинига қандай муносабат кўрсатиши масаласи муҳим масала бўлиши кутилмоқда, саммитга Президент Путин бормасликка қарор қилган.

Ҳаагада Россияни Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров тамсил қилиши хабар қилинмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ