Малайзия: ғойиб бўлган "Боинг" учоғи Ҳинд уммонига қулаб тушган

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Малайзия Бош вазирига кўра, сўнгги текширув натижалари 8 мартда сирли ғойиб бўлган "Боинг" MH370 Ҳинд уммонига қулаб тушганини кўрсатади. Учоқдаги барча йўловчилар ҳалок бўлгани эҳтимоли катта.

Бош вазир Нажиб Раззоқ Malaysia Airlines ширкати бу хабарни учоқда бўлган йўловчилар ва экипаж аъзолари оилаларига етказганини айтган.

Куала Лумпурдан Пекинга парвоз қилган Boeing 777 учоғида 14 мамлакат фуқаролари- 227 йўловчи ҳамда 12 экипаж аъзоси бўлган.

Учоқни қидириш ишларига 26 мамлакат қатнашган. Қидирув амалиётлари Марказий Осиёдан тортиб Ҳинд уммони жанубий ҳудудларига қадар ерни қамраб олган.

Малайзия ҳукуматига кўра, текширувлар учоқ йўналиши атайлаб бошқа томонга бурилганини кўрсатган.

Бундан олдин сунъий йўлдошдан олинган фотосуратларда Ҳинд уммонида йирик объектлар кўринган жойда Хитой учоғи иккита квадрат шаклидаги объектни аниқлаган.

Ғойиб бўлган Малайзия йўловчи учоғининг қолдиқлари бўлиши мумкин деб кўрилаётган жисмларни 24 март куни қидирув ишларини олиб бораётган Хитойнинг "Ил-76" учоғи экипажи аниқлаган.

Хитой оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, хитойлик қидирувчилар иккита, оқ рангдаги жисмларни кўрганлар.

Тўртбурчак шаклидаги объектларнинг бири катта, иккинчиси эса кичикроқ бўлган.

Бундан ташқари хитойлик учувчилар учоқ қолдиқлари бўлиши мумкин бўлган жисмлар бир неча километрга сочилиб кетгани ҳақида хабар берганлар.

Шундан кейин Хитой учоғи жисмлар аниқланган Ҳинд уммонидаги жойнинг квадратларини Австралия қўмондонлик марказига маълум қилган.

Бу ҳудудлардаги қидирув ишларини Австралия бошқарган.

Шунингдек, аввалроқ Австралия Бош вазири Тони Аббот Австралия қирғоқларида Малайзиянинг йўқолган учоғига алоқадорлиги гумон қилинаётган бўлаклар кўринганини билдирган.

Боингга тегишли бўлиши мумкин бўлаклар Перт шаҳридан ғарбга, Ҳинд уммони ҳудудида сунъий йўлдош орқали кўзга ташлангани айтилганди.

Хабар қилинишича, АҚШ ушбу ҳудудга учоқ "қора қути"ларини топишга ихтисослашган махсус ускуналарни жўнатган.

Махсус кемага ўрнатилган ускуна сув остида 6100 метр чуқурликдаги "қора қути" сигналларини "эшита олади".

Бу жойларда Ҳинд уммонининг чуқурлиги айрим жойларда 1150 метр, баъзи жойлари эса 7000 метрни ташкил этади.

Австралия ва Хитой сунъий йўлдошлари бир неча кун олдин Ҳинд уммони жанубида 8 март куни ғойиб бўлган Малайзиянинг "Боинг" учоғига тегишли бўлиши мумкин деб кўрилаётган қолдиқларни аниқлаганлар.

Бу ҳудудга Хитой ўзининг "Қор Аждарҳо" деб номланган музёрар кемасини юборган.

Бу кемада ҳам сув остидаги овозларни эшитиш имконини берадиган акустика жиҳозлари ўрнатилган.

Учоқнинг сирли ғойиб бўлишига турли фаразлар илгари сурилган. Террор ҳодисаси, учоқни олиб қочиш ва учувчиларнинг ўз жонига қасд қилгани эҳтимоли ҳам тахмин қилинганди.

Бу мавзуда батафсилроқ