Кундош кундошининг бурнини кесиб ташлади

Image caption 21 ёшли Тоҳирани бир умрга мажруҳ қилиб қўйган мудҳиш воқеа марказий Дайкунди вилоятида шу дам олиш кунларида юз берган

Оддий тортишувдан бошланган жанжал аввалига тўнғич хотиннинг кенжасини калтаклаши ва сўнгра унинг бурнини кесиб ташлаши билан якун топди.

Ҳатто, маҳаллий фаоллар ўзларининг эътироф этишларича, Афғонистоннинг бу яқин тарихида бу каби ҳолатга тўқнаш келишмаган.

Уларга кўра, эркаклар томонидан содир этилаётган маиший зўравонлик ҳолларининг жазосиз қолаётгани, алал-оқибат, аёллар ўзларининг ўрталарида куч ишлатиш ҳолларининг келиб чиқишига замин яратган.

21 ёшли Тоҳирани бир умрга мажруҳ қилиб қўйган мудҳиш воқеа марказий Дайкунди вилоятида шу дам олиш кунларида юз берган.

Ҳозир Тоҳира касалхонага ётқизилган, кундоши эса, ҳибсга олинган.

Афғонистонда, шундоқ ҳам, сўнгги йилларга келиб, эрларининг ўз хотинлари бурни ва лабларини кесиб ташлаш ҳоллари ортиб бораётгани кузатилади.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари бунинг сабабини бир неча ўн йилдан буён тиним билмаётган урушларнинг одамлар руҳиятига таъсири, аҳоли аксарияти ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, мамлакатда чуқур илдиз отган қашшоқлик ва адлия тизимини ўз гирдобига олган коррупция муаммоси билан изоҳлашмоқда.

Ҳаммаси қандай бошланганди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AIHRC
Image caption 'Бошқаларига ибрат бўлиши учун ҳам, жавобгар эркак бўладими ва ё аёл, албатта, қонун олдида жавоб бериши шарт'

Ёшгина боласи билан бева қолган Тоҳира ўтган йили оилали эркакка иккинчи хотин бўлиб эрга тегади.

Аён бўлишича, ўшандан буён кундоши унга тинчлик бермай келади ва янги оиласидаги қисқагина ҳаёти ҳам тинимсиз жанжаллару калтаклар остида кечади.

Ана шундай зўравонликлардан ҳозирча энг сўнггиси Тоҳиранинг бурни кесиб ташланиши билан якун топади.

Юз берган мудҳиш воқеа ортидан Тоҳиранинг Би-би-сига айтишича, катта кундоши ўз бошига солаётган кўргўликлардан эри ҳам бохабар бўлган.

“Кийимларимни ювиб, қуритиш учун ёйиб қўйгандим. Шуларни йиғиштириб олаётган пайтимда, устига кундошим келиб қолди. Мени калтаклашга тушди. Роса бақирдим. Аммо овозимни ҳеч ким эшитмади. Шундан кейин кундошим чопқи билан бурнимни чопиб ташлади”, - дейди Тоҳира.

У оғир аҳволда келтирилган вилоят касалхонаси шифокорларига кўра эса, Тоҳира жиддий тиббий муолажа, пластик жарроҳлик амалиётига муҳтож, аммо имкониятлари ҳаминқадарлиги боис, унга лозим даражада ёрдам кўрсатишга ожизлар.

Тоҳиранинг ўзи истаб, оилали эркакка турмушга чиққанини айтган яқинларига кўра, қизларини бу куйга солган шахс, албатта, жазоланиши керак.

Жумладан, отасининг таҳдид қилишича, агар, ҳукумат жиноятчини жазоламаса, қизининг қасдини ўзи олади.

“Мен бошқа ҳеч нарса қилмайман. У инсоннинг фақат бурнини кесаман. Иккаласи ҳам бирдек бўлсин. Бошқа ҳеч нарса билан ишим йўқ. У эркакнинг тўрттагача хотин олишга ҳаққи бор. Қизимнинг уйи алоҳида. Унинг уйига келиб, бурнини чопиб ташлашга нима ҳаққи бор”, - дейди отаси.

Жиддий муаммо

Image caption Ҳатто, ҳозирга келиб ҳам, хотин-қизларга қарши маиший зўравонликлар Афғонистон тўқнаш келиб турган учта асосий муаммодан биттасилигича қолмоқда.

Афғонистонлик аёл фаоллардан Мағфират Самимийнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, икки аёл орасида юз берган бу каби мудҳиш ҳодиса ўзларини ҳайратга солмай қўймаган.

“Шу пайтгача эркаклар аёлларга зўравонлик қилиб келишарди. Эндики, бу зўравонликни аёл киши аёл кишига қиларкан, бу – катта бир муаммо. Биз бу каби ҳолатдан жиддий хавотирдамиз”, - дейди у киши.

Унинг айтишича, бошқаларига ибрат бўлиши учун ҳам, жавобгар эркак бўладими ва ё аёл, албатта, қонун олдида жавоб бериши шарт.

Самимий хонимларига кўра, бунга ўхшаш жиноятга қўл урган эркакларнинг аксар ҳолларда жазодан қутилиб қолишлари ҳам аёлларни бу йўлга ундаётган бўлиши мумкин.

Афғонистонлик сиёсатчи аёллардан Нажиба Қурайший хонимлари ҳам биз билан суҳбатида “ҳаммасига, барибир, эркак сабабчи”, - дейди.

“Эркак киши, агар, тирикчилигини рисоладагидек ўтказолмаса, хотинларининг ҳақ-ҳуқуқларини бирдек таъминлолмаса, қўш хотин тутиб нима қилади”, - дейди у киши.

Суҳбатдошимизнинг наздида, уйда келиб чиқадиган ҳар қандай жанжалга худди шу омиллар сабаб бўлади.

“Эркаклар устма-уст хотин олиб, уларни ҳар томонлама бирдек кўролмаса, эртага кўрингки, у боласига яхши нарса келтирибди, меникига йўқ, деб, икки кундош бир-бирининг фарзандига ҳам қўл кўтаришга боради, агар, шу туришича кетаверса”, - дейди суҳбатдошимиз.

Афғонистон қонунчилигига мувофиқ, бировнинг бурнини кесиб ташлаш каби мудҳиш жиноятга қўл урган шахс учун 7 йилдан ортиқроқ қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарликлари ортидан, афғон хотин-қизлари ўтган 13 йил бадалида қўлга киритган озгина ютуқларини ҳам бой бериб қўйишларига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас

Аммо Афғонистон Мустақил Инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилоти раҳбари Воҳидуддин Арғуннинг биз билан суҳбатида айтишича, ҳар доим ҳам жиноятчилар ҳуқуқ-тартибот идораларига тутқич беришмайди: қочиб қолишади.

Ҳибсга олишга муваффақ бўлинганларининг эса, пора бериб ё қамоқ муддатларини камайтиришга муваффақ бўлишгани ва ё буткул жавобгарликдан қутулиб қолишгани ҳоллари ҳам оз эмас, дейди у киши.

Суҳбатдошимизга кўра, афғон ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб қонун устиворлигини таъминлай олган, одамларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилган, ночорликка барҳам бериб, адлия тизими ислоҳ қилинган ва энг асосийси, жиноятчи маҳкамага тортилиб, адолат қарор топтирилган тақдирдагина, Афғонистонда бу каби даҳшатли жиноятларнинг олдини олиш мумкин бўлади.

Шу яқин йиллар ичида бурун ва лаблари эрлари томонидан кесиб ташланган айрим аёллар мамлакатдаги турли нодавлат ташкилотлари ва гуруҳларнинг молиявий кўмаги ёрдамида четда ўз бурунларини тиклаб, қайтишга ҳам муваффақ бўлишган.

Аммо, янги афғон ҳукумати қудратга келганидан 13 йил ўтиб ҳам, хотин-қизларга қарши маиший зўравонликлар Афғонистон тўқнаш келиб турган учта асосий муаммодан биттасилигича қолмоқда.

Яқинда эри ва унинг яқинлари томонидан ойлаб ертўлада сақланган, соч ва тирноқлари илдизи билан суғуриб олиниб, баданига тамаки чўғи босилган ёшгина келинчак Саҳар Гулнинг кўргўликлари ҳам халқаро миқёсда кенг акс-садоларга сабаб бўлганди.

"Хотин-қизларни маиший зўравонликлардан ҳимоя этиш тўғрисида"ги қонуннинг қабул қилинганига бор-йўғи 5 йил бўлган эса-да, ўтган йили у яна қайтиб парламент муҳокамасига қўйилган ва ойларки, тасдиқдан ўтмай қолмоқда.

Мавжуд ҳолат эса, хорижий иттифоқ қўшинлари узоқ йиллик ҳозирликлари ортидан афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этаётган ва мамлакатда Толибон дохил турли исёнчи гуруҳлар қайта фаоллашаётган бир манзарада афғон хотин-қизларини ниҳоятда қалтис аҳволда қолдирган.