Шимолий Корея: 'Сочни энди давлат раҳбариникига ўхшатиб қўясиз'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Шимолий Кореядаги Мали университети талабаларидан энди мамлакат раҳбари Ким Чен Инникига ўхшаш соч қўйиш талаб қилинади.

Radio free asia тарқатга хабарга кўра, икки ҳафта бурун Пхеньянда давлат даражасида жорий этилган ушбу қоида ҳозир бутун мамлакат бўйлаб тадбиқ этилмоқда. Айримлар эса, бу талабдан ўз истиҳолаларини ҳам билдириб улгуришибди.

The Korea Timesга гапирган манбаълардан бири: “Раҳбаримизнинг соч қўйиш услуби жуда ўзига хос, агар сиз шундай кестирсангиз, бу ҳаммага ҳам кетавермаслиги мумкин. Ҳар бир одамнинг юз ва калла тузилиши турлича”, дебди.

Айни пайтда Хитойда истиқомат қиладиган шимолий кореяликлардан бирининг айтишича эса, бу қиёфани аслида мамлакатида кўп хуш кўришмайди. Чунки, одамлар назарида бунақа соч қўйиш хитойлик контрабандачиларникига ўхшайди.

“2000 йиллар ўрталарига қадар биз бунга “Хитой контрабандаси соч услуби” деб қарардик”, дейди The Korea Times агентлигига гапирган шимолий кореялик.

Афтидан, Шимолий Кореяда сочни қандай кестириш ёки турмаклаш юзасидан давлат илк бор кўрсатма бераётгани йўқ. Ҳозиргача аёллар 18 хил, эркаклар эса, 10 хил усулдан бирини танлашлари мумкин эди.

Аввалроқ, Шимолий Корея давлат телевидениеси узун сочга қарши тарғибот бошлаган. Тарғибот “Сочимизни социалистча ҳаёт тарзига мос кестирайлик”, деб номланди.

Аммо, яқин ўртада Пхеньянга бориб келганлар соч қўйиш услубида ўзгаришларни пайқашмаганини айтишган.

Шимолий Кореяни 17 йил бошқарган марҳум раҳбар Ким Чен Ир даврида, айтилишича, баландроқ кўриниш учун сочнинг тепасини шишириб турмаклаш удум бўлган экан.

Бу мавзуда батафсилроқ