Афғонистон: Тоабадга ўчирилган овоз...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сардор Аҳмадни дўстлари фидоий журналист сифатида эслашади

Афғонистонда журналистлар Сардор Аҳмадни хотирлашмоқда.

Франс Пресс ахборот агентлиги бош мухбири 20 март кунги Толибон ҳужумида ҳаётдан кўз юмди.

Тажрибали, таниқли журналист Сардор Аҳмад Кобулдаги Сирена меҳмонхонасида хотини ва икки ёш боласи билан биргаликда отиб ўлдирилди.

Би-би-си мухбири Ҳорун Нажафийзода ҳамкасби ва дўстини шундай хотирлайди.

Мен Сардор Аҳмад билан илк бор 2003 йил янги Афғонистон энди тетапоя қилаётган кунларда танишгандим. Умидлар даври эди ўшанда... Толибон кетган, янги ҳукумат қудратга келган. Кўринишидан, мамлакатимиз дунё диққат марказида эди.

Биз эндигина мухбир этиб ёллангандик. Сардор Баграм - АҚШнинг Афғонистондаги энг йирик базасида юз бераётган ҳодисаларни ёритарди. Мен шимолий Мазори Шарифга жўнатилгандим.

Аммо, Кобулда тез-тез кўришиб турардик. Хабарларимиз ва Афғонистон сиёсати ҳақида суҳбатлашардик. Ё-да, шунчаки ўзимиз севган ҳиндча мусиқаларни тинглардик...

Толибон қайта пайдо бўлиб, хавфсизлик вазияти ёмонлашаркан, икковимиз ҳам Кобулга қайтарилдик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Ана шу биргина фожеа гўё бутун мамлакатдаги фожеаларни қайта "уйғотди"

Сардор зукко, ғайратли, кўзи ҳам, қулоғи ҳам ҳар доим очиқ фидоий журналист эди.

Ўз жозибаси ва сўзга усталиги билан у Афғонистон ҳукумати, халқаро ўйинчилар, хорижий журналистлар, маҳаллий жамиятлар ва ҳатто, исёнкор гуруҳлар орасидан кўпгина яқин танишлар орттирганди.

Сардор Афғонистондаги ҳодисаларни ёритишда асосий рол ўйнарди. У афғон сиёсатининг пасту баландликларидан доимо бохабар эди.

Ҳамиша янги ғоялар билан чиқарди. Кобулда янги боулинг маркази очилганию, полиция таркибида аёл зобитлар пайдо бўлаётганигача унинг назаридан четда қолмасди. Яқиндагина Кобулдаги уйларидан бирида уй ҳайвони сифатида сақланган шернинг тақдири ҳақида янгилик тарқатганди.

Мен уни охирги марта Кобулдаги сайловолди йиғинда кўргандим. Ўшада Сардор елкасида камерасини тутганча оломон билан бирга югургилаб юрарди.

У менга Ғозий стадиони нариги тарафидан жилмайиб, қўл силкитганди.

Ўзимча: “Ишини қилсин, ҳафта охирида уникига бораман ва бирга боулингга борармиз” деб ўйлагандим.

Бироқ, бир неча кун ўтиб, қуролларини пайпоқларида яширган 4 ўсмир Кобул марказидаги Сирена меҳмонхонаси қатор хавфсизлик назорат нуқталаридан ўтиб, ичкарига киришга муваффақ бўлди.

Улар менинг дўстимни, рафиқаси Ҳумайра, 7 яшар қиши Нилуфар ва 5 ёшли ўғилчаси Умар билан бирга Наврўз арафаси кунги дастурхонда ўтиришган пайти отиб ўлдиришди. Қуроллилар унинг кенжа ўғилчаси Абозарга ҳам 3 марта ўқ узишган. Аммо, биргина у Сардорнинг номини тирик сақлаш учун омон қолди, ҳозир шифохонада муолажа оляпти.

Ҳужум тафсилотлари ошкор бўлар экан, афғон расмийлари Сардор асосий нишон бўлганига ишонмасликларини айтишди. Фақат номақбул соатда, номақбул жойда бўлиб қолган, холос.

У яқинда ташкил қилган маҳаллий хабар агентлиги – Прессистондан чоп қилинадиган одатдаги твитлар кутилмаганда тўхтаб қоларкан, хавотирга туша бошлагандик.

Шаҳарда шу қадар катта ҳодиса оўй берадию, Сардорнинг нега сукут сақлаётгани бизни ҳайратга соларди.

Эрталаб эса, унинг овози тоабадга ўчирилганижан хабар топдик...

Бошқа кўплаб афғон журналистлари каби Сардорда ҳам мамлакатдан чиқиб кетиш ва хорижда яхшироқ ҳаёт қуриш имконияти бор эди.

Аммо, у ўтиш даврида бирга бўлиш учун кетишни истамаганди. Сардор Аҳмад бир кун Афғонистонда ҳам зўравонликлар ва тартибсизликлар ортда қолишига, у журналист сифатида яхши кунларни ёритишига умид қиларди.

Унинг ўлими ҳақида эшитарканман, хабар нотўғри бўлиб чиқишига қайта-қайта умид қилардим. Вужудим даҳшат, ғазаб ва тушкунлик ичида қолганди.

Сардорнинг ўлими билан бизнинг - Кобулдаги кўплаб журналистларнинг уйига кутилмаганда мамлакатимиз доимий зўравонлик ичида эканига оид мудҳиш ҳақиқат кириб келганди.

Бу фуқаролар орасидаги қурбонлар ҳақида хабарларимизни қандайдир инсоний бир шаклда жонлантирди.

Ана шу биргина фожеа гўё бутун мамлакатдаги фожеаларни қайта "уйғотди".

Бу ҳодиса фақат журналистлар жамоасини эмас, балки барча-барчани қаттиқ изтиробда қолдирди.

Ҳаммамиз Сардорни соғинамиз.