"Қрим татарлари Украина фуқаролигидан воз кечмайди"

Брюсселда Оврўпо Иттифоқи ва НАТО раҳбарлари билан Украина инқирозини муҳокама қилган АҚШ Президенти Обама Оврўпо хавфсизлигининг АҚШ учун муҳимлигини урғулади ва Украина ишига аралашгани учун Россияга яна бир бор огоҳлантириш берди.

Украинанинг ўзида эса тобора кўпроқ қрим татарларнинг уйларини ташлаб чиқаётганлари ҳақида хабарлар келмоқда.

Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ортидан референдумга қарши чиққан қрим татарлари билан руслар ўртасидаги танглик янада кучайгани кузатилади.

Шу кунларда қримлик қочқинларнинг 32 кишилик биринчи гуруҳи бошпана излаб Польшага боргани хабар қилинган. Қримнинг ўзида эса аҳолига Россия паспортлари тарқатиа бошланган.

Би-би-си қрим татарлари раҳбари, Украина парламенти депутати Мустафо Жамилўғли билан боғланиб, қочқинлар билан боғлиқ сўнгги вазият ҳақида сўради.

Мустафо Жамилўғли: Одамлар хорижий кучлар томонидан ишғол қилинган Қримни ташлаб чиқишга мажбур бўлишмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, ҳозиргача 50 мингга яқин қрим татарлари уйларини ташлаб чиқишган. Уларнинг аксари Украинанинг ғарбий вилоятларига кетишган, шунингдек, бир неча ўн одам Польшага бошпана истаб борган. Қримда ишғолчи тузумнинг мустаҳкамланишига қараб, қочқинлар сонининг тошиб боришини кутаяпмиз. Одамлар хавотирда. Чунки очиқчасига "қрим татарларини яна бадарға қилиш керак" деган гап сўзлар бўлаяпти. Бундан ташқари, қрим татарлари Украина мустақилигидан буён ҳамма вақт бўлгинчиларга қарши бўлишган ва россияпараст кучларга фаол қаршилик кўрсатганлар. Шунинг учун қрим татарларга қарши қандайдир иғвогарлик ҳаракатлари юз бериши ва бу ҳаракатлар қон тўкилишига олиб келиши мумкин, деган асосли хавотирлар бор. Ҳозирда асосан аёллар ва болалар олиб чиқилаяпти,эркаклар эса уларни жойлаштириб, яна уйларига қайтишмоқда.

Би-би-си: Айни пайтда Миллий Мажлиси раиси Рефат Чубаров қрим татарларини Россия паспортини рад этмасликка чақирган. Шундайми?

Мустафо Жамилўғли: Вазият шундайки, Қримда Россия паспортларини одамларга мажбурлаб беришади. Назаримда, бошқа чора йўқ. Масалан, давлат идораларида ишлайдиганларга агар Россия паспорти олишни истамаса, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш таклиф қилинаяпти. Агар улар ҳозир Россия паспортини олишмаса, ишсиз қоладилар. Шунинг учун улар Россия паспортини олишга мажбур. Аммо шу билан бирга қрим татарлари Украин паспортидан воз кечаётганлари йўқ. Биз ҳозир Украина Радасида агар фуқаро кўнгилли равишда украин паспортидан воз кечиш ҳақида ариза ёзмаса, украин фуқароси сифатида қолаверишини назарда тутатидиган қонун лойиҳаси устида ишлаяпмиз. Шу ҳолатда Қрим ишғолчилар томонидан озод қилинганидан кейин улар украина фуқаролигидан эркин фойдаланиш ҳаққига эга бўладилар.

Би-би-си: Аммо бу қрим татарлари қайсидир даражада янги, россия бошқарувидаги ҳокимият билан ҳамкорлик қилаётганини англатадими?

Мустафо Жамилўғли: Ҳеч қачон. Бу фақат мажбурий бир қадам. Бизнинг одамларимиз шундоқ ҳам оғир шароитларда яшаётган эдилар. Энди уларнинг вазияти янада ҳам оғирлашди. Уларнинг ҳаммаси Украин фуқаролигини сақлаб қолади. Биз юзага келган вазиятда Қримнинг ерли аҳолиси мақомидаги ҳуқуқларимиздан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Аммо ишғолчи ҳукумат бизнинг ҳуқуқларимиз билан қанчалик ҳисоблашади, бу бошқа масала.

Бу мавзуда батафсилроқ