Фелдмаршал Ас-Сиси сўнгги бор ҳарбий кийимда кўриниш берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўтган йил ёзида Мисрнинг эркин сайловда сайланган президенти Муҳаммад Мурсийни қудратдан ағдарган ҳарбийлар раҳбари фелдмаршал Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси президентлик сайловига номзодини илгари суриш мақсадида ўзининг ҳарбий лавозимидан истеъфо берганини эълон қилган.

Бу эълонни кўпчилик кутиб юрган эди, Миср телевидениеси орқали мурожаатида Ас-Сиси сўнгги марта ўзининг ҳарбий униформасида эканини айтган.

Мен ҳарбий кийимни илк бор 15 ёшимда кадетда кийганман ва ҳар доим ватанимни ҳимоя қилиш учун ҳарбий кийимда эканлигимдан фахрланганман, деб айтган 59 ёшли Миср армиясининг собиқ қўмондони.

Бироқ унинг айтишича, у кўп қатламдаги мисрликларнинг шарафли лавозимни эгаллаш ҳақидаги талабларига жавобан ҳарбий мансабидан воз кечишга аҳд қилган.

Ас-Сиси сўзларига кўра, ҳозир Миср "иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ ҳаддан зиёд қийин вазифалар", жумладан, "террорчилар таҳдиди" билан ҳам рўпара келган.

Бироқ у фидойилик билан қаттиқ ишлаш натижасида "агар раҳбарлик шарафига эришсам, биз раҳбарият ва халқ бирга ишлаб, барқарорлик, хавфсизлик ва Миср учун умидга эришамиз", деб айтган.

Мухбирларга кўра, Абдул Фаттоҳ Ас-Сиси Миср халқи орасида машҳур ва унга қарши жиддий мухолиф рақиб йўқ.

Шунинг учун ҳам у президентлик сайловида ғалаба қозонишига кўпчилик ишонади.

Сайловлар 17 июлгача бўлиб ўтиши кутилади. Ҳозирча фақат бир киши , 2012 йилги сайловларда ҳам қатнашган сиёсатчи Хамдин Сабоҳий ўз номзодини қўйишини билдирган.

Ҳусни Муборак ағдарилганидан кейин Сиси Олий қуролли кучлар кенгашининг энг ёш аъзоси бўлган. 2012 йил президент Мурсий уни мудофаа вазири қилиб тайинлаганди.

Айнан Сиси Мурсийни ҳокимитдан ағдарилишига раҳбарлик қилди ва конституцияни тақиқлаб, вақтли ҳукумат тузди.

Агар Абдул Фаттоҳ Сиси президент бўладиган бўлса, Жамол Абдул Носирдан бошланган Миср ҳарбийлари мамлакатни бошқариш анъанаси тикланади. Бу анъана демократик сайланган Мурсийнинг ғалабаси билан вақтинча тўхтаган, бироқ ҳарбийлар уни ҳокимиятдан ағдаришга эришган эдилар.

Муҳаммад Мурсий тарафдорлари Сисини Ҳусни Муборак давридаги яккаҳокимликни тикламоқчи бўлаётганлигидан хавотир билдиришади.

Оммавий ўлим жазоси

Ўтган ҳафта Миср маҳкамаси мамлакатда ноқонуний деб эълон қилинган "Мусулмон Биродарлар" ташкилотининг 529 тарафдорини қатор айблар, хусусан қотилликларда айбдор деб топиб ўлим жазоларига ҳукм этди.

Бу замонавий Миср тарихида эълон қилинган энг катта оммавий ўлим жазосидир.

Шунингдек, бу энг қисқа маҳкама жараёни ҳам бўлган.

529 шахс устидан маҳкама 22 март, шанба куни бошлангани ҳақида хабар қилинган эди.

Бундан олдин Миср ҳукумати "Мусулмон Биродарлар"ни террорчи ташкилот деб эълон қилган.

Ҳарбий тўнтариш натижасида ағдарилган Муҳаммад Мурсий ҳам маҳкамага юз тутмоқда.

Унга давлатга хиёнат қилиш, қотиллик дохил бир қанча айбловлар қўйилган. Муҳаммад Мурсийга ҳам ўлим жазоси ёки умрбод қамоқ ҳукми таҳдид қилади.

Бу мавзуда батафсилроқ