Рамзан Қодиров ‘Терек’ка саратонга чалинган футболчини олмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сўз 18 ёшли Григорий Симонян ҳақида кетмоқда. У мия саратонига чалинган. Григорийнинг аҳволидан хабар топаркан, чечен раҳбари уни ташлаб қўймаслигини айтмоқда.

Рамзан Қодиров Чеченистонни бошқариш билан бирга, Грознийнинг “Терек” жамоаси президенти ҳам саналади.

Жаноб Қодировнинг Instagramдаги ёзишмаларидан маълум бўлишича, клубга Григорийни саратондан даволашга кетадиган барча сарф-харажатни ўз зиммаларига олишлари лозимлигини айтган.

“Худо хоҳласа, Григорий тузалиб кетса, “Терек”да тўп суришни ҳам бошлаб юборади”, - деб ёзади Чеченистон президенти.

Россиядаги йирик спорт нашри саналувчи “Советский спорт” ҳам ушбу хабарни назардан қочирмаган.

Газетанинг ёзишича, “Терек” билан шартнома имзолаши биланоқ, Симонян ўзига қандай даво тайин этилишини билиш учун Олмонияда тиббий кўрикдан ўтади.

Григорийнинг ҳодисаси бундан аввал ҳам Россия оммавий-ахборот воситаларида кенг акс-садо топганди.

Россиядаги спортга ихтисослашган айрим интернет нашрлари ўтган йил сентябр ойида мия саратони аниқланиши ортиданоқ, Григорийнинг жарроҳлик амалиёти ўтказгани ҳақида ҳам ёзишганди.

Хабарларга таянилса, 18 ёшли йигитча кейинги муолажалари учун пулга зориқиб, 5 миллион рубл ёки 140.000 АҚШ доллари йиғишга ҳам уриниб кўрган.

Рамзан Қодировнинг футбол жамоаси жорий пайтда Россия миллий чемпионатида 13-ўринни эгаллаб турибди.

2011 йилда “Терек” голландиялик футбол юлдузи ва Лондоннинг “Челси” жамоаси собиқ Бош мураббийи Рууд Гуллитни Грознийга келтиришга муваффақ ҳам бўлганди.

Аммо хорижлик номдор мураббийи қўл остида ҳам клубининг ўйини ўнгланмагач, норози Рамзан Қодиров орадан бор-йўғи беш ой ўтиб, Рууд Гуллитнинг ҳам баҳридан кечганди.