Рўмолли барби, ҳалол лак, атлас ҳижоб..

  • 28 Март 2014
Саудияда Барби қўғирчоқлари калта юбка эмас, ҳижоб кийишади

Биздек бир ғайримусулмон оила Саудия Арабистонига кўчиб ўтгач, танишлар ва дўстларимиз у ердаги ҳаётимизга қизиқа бошлашди.

"Эрингсиз, бир ўзинг кўчага чиқа оласанми?" ёки "Юзингни ҳам тўсувчи қора ҳижобга ўралиб юришинг шартми?" каби саволларнинг адоғи кўринмасди.

"Мен эса бунақа гапларни ўзи қаердан оласизлар, асло бундай эмас" - деб жавоб қайтараман.

Тўғри-да, Саудия кўчаларини ёлғиз ўзим бемалол кеза оламан, қора ҳижобни эса жуда камдан-кам ўрайман.

Узун кўйлак - шарт

Жамоат жойларига чиққанда маҳаллий муслималар ҳам, хорижий ғайримусулмонлар ҳам абая ёки узун кўйлак кийишлари шарт.

Мен ҳам узун кўйлак кияман. Аммо унинг рангги қора эмас, балки оч сиёҳранг. Бутун дунёда тан олингани каби қора кўйлак аёл кишига жозиба бахш этади. Лекин Саудияда истаган рангни танлай оласиз.

Мато эса шойи-ипак, ип-газлама ва ё ҳатто жинси бўлиши ҳам мумкин. Сўнгги пайтлари ўзбекча атлас абаялар ҳам урфга кирмоқда.

Лекин бу кўйлак эркин бўлиши ва аёл киши бадани шаклини яққол намойиш этмаслиги керак.

Саудия аёллари ҳам мода ва кийим-кечакка қизиқадилар

"Ҳар бир аёлнинг камида беш-олтита узун абаяси бўлиши лозим" - дейди модельер Ҳеба Байлун - "Айримлари баёрам ё тўй-томоша учун, баъзилари таъзия учун мўлжалланган".

Абая баданни буткул ёпади, лекин кўпчиликнинг айтишича, бу кўйлакни кийиб юрган аёлга қараб, унинг қадди-қомати ва ҳатто ўртача ёшини ҳам айтиб бериш мумкин.

Ҳижоб ҳамма жойда бор

Муслималар кўп мамлакатларда ҳижоб ўрашади. Лекин айрим юртларда қонун-қоидалар қаттиқроқ, баъзиларида эса эркинроқ.

Саудиялик айрим аёллар Оврўпо ва АҚШга боришса, ортиқча эътибор жалб этмаслик учун ўз ҳижобларини ўзгартиришади. Лекин улар ҳеч қачон бошларидаги рўмолларини ечмайдилар.

Чунки рўмол - бу Ислом динига садоқат рамзи.

Тўғри, турмушга чиққач, баъзи аёллар юзларини ҳам ниқоб билан тўсадилар ва фақат кўзлари кўринади. Лекин ушбу қарор аёлнинг ўзига ва оиласига боғлиқ.

Саудиялик эркаклар хотинларига юзингни тўс, деб буюришмайди. Лекин турмушга чиққан аёл учун энди бошқа эркакка ўз юзини кўрсатишнинг қизиғи йўқ ва шу боис аёлларнинг ўзлари ниқоб тақишни исташади.

Ғайримуслима аёлларга эса ҳеч ким бошингни ёпасан, деган талабни қўймайди. Лекин жазирама иссиқдан ва эркакларнинг исталмаган қарашларидан сақланиш учун уларнинг ўзлари рўмол ўрайдилар.

Сўнгги йиллари Саудияга оқ-қора атлас кўйлаклар ҳам кириб келган

Саудия қироллигида дунёнинг кўплаб машҳур брендлари ҳамда модельерлари ишлаган кийим-кечакни харид қила оласиз. Хотин-қизлар уларни бемалол оилада, меҳмондорчиликда ва ўз маҳрамлари даврасида кийишади.

Бу ерлик аёллар ҳам баланд пошнали пойабзални севадилар. Шунингдек, чиройли сумкалару тақинчоқлар ҳам уларнинг жон-дили. Шу жиҳатдан улар Оврўпо аёлларидан фарқли, лекин рус аёлларига ўхшайдилар.

Бўянганда эса ёрқин рангларни танлашади ва, асосан, қош-кўзларига эътибор қаратадилар.

Ҳалол тирноқ бўёқлари

Муслималар беш вақт намоз ўқишлари боис тирноқни бўяш масаласи кўпчилик учун муаммо бўлиб келган.

Чунки тирноқдаги лак таҳорат пайти сувни ўтказмайди ва шу асно тозаланиши муҳим бўлган тирноқларга сув тегмай қолади.

Муслималар ёки икки намоз орасида тирноқларини бўяб, намоз олдидан ўчириб ташлашлари даркор, ёки мутлақо тирноқларини бўямасликлари керак.

Яқинда эса ҳалол лак, яъни тирноқ бўёғи кашф этишди. Айтишларича, таҳорат пайти ушбу бўёқ орқали бемалол сув ўтади ва тирноқлар тозаланади.

Мода журналлари бу ерда ҳам оммабоп, лекин кийимларда меъёр бор

Лекин барча муслималар ҳам бу гапга ишонишмайди ва ундан фойдаланадиганлар кам. Айрим қизлар эса ҳар вақт тирноқларини одатий лаклар билан бўяб юришади ва намоз пайти ҳам ўчиришмайди.

Саудияда абая кийиб юрадиган аёллар орасида жуда кўплаб ўқимишли, гўзал ва замонавий аёллар бор.

Мен аёл сифатида улар билан кўп гаплашганман.

Ростини айтсам, Саудиядаги ҳаётим давомида жуда кўплаб ишбилармон аёлларни учратдимки, бунақасини илгари ҳайтимда кўрмагандим.

Уларнинг барчаси абая кийишади ва бошларидан ҳеч қачон рўмоллари тушмайди.

Хуллас, кийимга қараб хулоса чиқармаслик керак. Бу ердаги аёллар бошқа жойдаги аёллардан асло фарқланишмайди.

Биз аёл сифатида биримизни қалбан тушунамиз.

Бу мавзуда батафсилроқ