БМТ Бош Ассамблеяси Қрим референдумини тан олмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси Қримни Россияга қўшиб олиниши борасида резолюция қабул қилган.

16 март куни Қримда ўтказилган референдум қонуний эмас деган резолюцияни 100 мамлакат қўллаб-қувватлаган, 58 мамлакат бетараф қолган, Россия ва яна ўн мамлакат қарши овоз берганлар.

Резолюцияга қарши Арманистон, Беларус, Боливия, Венесуэла, Куба, Шимолий Корея, Никарагуа, Судан, Сурия ва Зимбабве овоз берган.

Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Дешица БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясини ўз мамлакати учун дастак деб атаган.

"Қўллаб-қуввталов дунёнинг барча бурчакларидан келаётгани масаланинг минтақавий эмас, балки глобал эканини намойиш этади", деб айтган Украина ташқи ишлар вазири.

Бироқ Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин айтишича, БМТ Бош Ассамблеяси қарийб ярмининг резолюцияни дастакламагани "руҳлантирувчи тенденция ва бу тенденция янада кучли ва кучли бўлиб бормоқда".

Нью-Йоркдан Би-би-си мухбири Ник Брайант ёзишича, БМТ Бош Ассамблеясининг резолюциялари тавсиявий характерга эга ва овоз бериш рамзийдир.

Бироқ Украина ҳукумати, ушбу резолюция жиловловчи омил вазифасини ўтайди ва Москвани Украина шарқий ҳудудларига ҳарбий босқиндан тийилтиради, деб умид қилмоқда.

Айни пайтда ҳокимиятдан кетказилган президент Янукович Украина халқига мурожаат билан чиқиб, мамлакат таркибидаги ҳар бир минтақанинг мақомини аниқлаш учун президентлик сайловлари эмас, референдум ўтказишга чақирган.

Феврал ойидаги мурожаатида жаноб Янукович Қрим Украина таркибида бўлиши кераклигини айтганди.