'Қрим Татарлари миллий-ҳудудий мухторият истайди'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қримдаги Боғчасарой шаҳрида Қрим Татарлари Мажлисининг навбатдан ташқари қурултойи ўтказилган.

Қурултойда Қрим Татарлари Мажлисининг 200 тача аъзоси, Қрим Муфтийси Эмирали Аблаев, Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов, Россия Муфтийлари Кенгаши раиси Равил Гайнутдин иштирок этганлар.

Қрим Татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаров ушбу қурултой "Қрим Татар халқининг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқи"га бағишланганини айтган.

Бу "ҳам тарихий ва ҳам ҳуқуқ нуқтаи назаридан тўғри", деб айтган жаноб Чубаров.

Қурултойда Қрим замини ва Қрим Татарларининг ватани экани айтилган.

Қурултойда Қрим Татарларининг миллий ҳудудий мухториятини ташкил этиш ғояси илгари сурилаётгани маълум қилинган.

Ушбу қурултойда бундай мухториятни барпо этишнинг сиёсий-ҳуқуқий процедураларини муҳокама этиш ва бу муҳокамалар якунида тегишли лойиҳани овозга қўйиш мўлжалланган.

"Биз ушбу ҳужжатни қабул қилиш билан Қрим Татар халқининг ўзининг тарихий ҳудуди Қримда миллий-ҳудудий мухториятини ташкил этиш бўйича сиёсий ва ҳуқуқий амалларни бошлаганимиз ҳақида барча томонларга эълон қиламиз", деб айтган Қрим Татарлари Мажлисининг раиси Рефат Чубаров.

"Биз шуни таъкидлаймизки, Қрим ўзининг миллий давлатчилигига эга бўлган Қрим-Татар этноси шаклланган тарихий ҳудуд эканлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Биз бунда ҳозирги кундаги Қримнинг мақомини ўзгартириш Қримнинг туб аҳолиси Татар халқининг розилиги ва аниқ ифодаланган иродасисиз амалга оширилаётганидан келиб чиқмоқдамиз", деб айтган Рефат Чубаров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Қурултой олдидан ВВС Украина хизмати мухбири Қрим парламенти биринчи вице-спикери Григорий Иоффе билан гаплашган.

Жаноб Иоффе айтишича, Қримнинг янги конституцияси Татарлар учун квоталарни кўзда тутмайди.

Бундан олдин Қрим расмийлари Татарларга ижроия ҳокимиятида 20 фоизлик квота берилиши ҳақида ваъда берган эди.

Россия қонунчилигида квоталар ҳақидаги меъёрлар йўқ, шунинг учун Қрим конституциясида ҳам бунақа банд бўлмайди деб айтган Григорий Иоффе.

Татарларга ҳокимият бошқа ҳамма нарсани кафолатлайди, деб айтган Қрим парламенти вице-спикери.

Мухбирларга кўра, Қрим Татарлари қурултойини даставвал Симферопол шаҳрида ўтказишга қарор қилинган.

Бироқ россияпараст кучлар фитна уюштиришлари эҳтимоли мавжудлигидан қурултойни Боғчасаройда ўтказишга қарор қилинган.

Қримда 300000 атрофида Татар истиқомат қилади.

Улар ярим орол аҳолисининг 12 фоизини ташкил этади.

Қрим Татарлари 16 мартдаги Россияга қўшилиш мақсадидаги референдумни бойқот қилган эдилар.

Бу мавзуда батафсилроқ