Малайзия учоғини қидираётган Хитой кемаси жисмларни йиғишга киришган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Уч ҳафта илгари ғойиб бўлган Малайзия йўловчи учоғини қидираётган Хитой кемаси учоқ қолдиқлари бўлиши мумкин объектлар аниқланган Ҳинд уммони ҳудудига етиб борган.

Яна икки кема жума куни кўзга ташланган объектларни қидириб топиш ишларини бошлаган.

28 март куни Австралиянинг ғарбий қирғоқларидан 1100 километрча масофада турли рангдаги бир неча жисмлар кўрилган.

Бу ҳақда қидирув амалиётларига жалб қилинган беш учоқ хабар қилган.

Бу жойлар аввалги сунъий йўлдош фотосуратлари турли объектларни кўрсатган ҳудуддан 1400 километр шарқда жойлашган.

Хитойга тегишли учоқ олдинги қидирув ҳудудларидан шимоли-шарқдаги ҳудудларни текширмоқда.

Бортида 239 инсон билан Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдан Пекинга 7 мартдан 8 мартга ўтар тунида парвоз қилган учоқ ғойиб бўлган эди.

Бундан олдин сунъий йўлдошлардан олинган фотосуратлар узунлиги 23 ва 25 метрдаги жисмларни аниқлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Pool Still

Илк объектлар Австралия соҳилларидан 2500 километрча ғарбда аниқланган.

Ўша ҳудудларга қуруқликдан етиб бориш, қидирув ишларини амалга ошириш ва ортга қайтиш узоқ вақтни талаб қилади, шунинг учун бу ҳудудларга юборилган учоқлар ҳеч нарса топмаганлар.

Бироқ Малайзия Нақлиёт вазири вазифасини бажарувчи Ҳисомиддин Ҳусайн айтишича, сунъий йўлдошлардан олинган фотосуратлардаги жисмлар учоққа тегишли эмаслигини англатмайди.

Бундан олдин йўналишини ўзгартирган учоқ мўлжалдагидан анча тез учгани ҳақидаги тахмин илгари сурилди.

Тез парвоз учоқ ёқилғисининг тез тугаб қолишига олиб келиши мумкин.

Ҳинд уммонидаги жисмлар юк кемаларидан тушиб қолган контейнерлар ҳам, MH370 рейси учоғи қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин.

Ҳинд уммонининг бу ҳудудлари дунёдаги энг кам тадқиқ қилинган нуқталари ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ