Президент Обама Россия қўшинларини Украина чегарасидан олиб чиқишни талаб қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина инқирози бошланганидан буён АҚШ ва Россия президентлари илк бор телефон орқали вазиятни муҳокама қилганлар.

Президент Барак Обама ва Президент Владимир Путин ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтгани ҳақида Оқ Уй ва Кремл ахборот тарқатганлар.

Мухбирлар ушбу мулоқот ҳақида икки томон талқинлари бир-биридан фарқ қилишига эътибор қаратганлар, бундай ҳолат бундан олдин ҳам кузатилган.

Президент Обамага Президент Путин АҚШ раҳбари Саудия Арабистонига борган пайтида "сим қоққани" хабар қилинган.

Икки мамлакат раҳбарининг телефон мулоқоти бир соат давом этган.

Оқ Уй баёнотида айтилишича, Президент Обама Президент Путин билан "очиқ ва тўғридан-тўғри" телефон мулоқотида Россия қўшинларини Украина сарҳадларидан олиб кетиш билан тарангликни юмшатишга ва вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилиш таклифига жавоб қайтаришга чақирган.

Президент Обама Москва билан Киев ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланиши лозимлигини яна бир бор таъкидлаган.

Кремл баёнотида айтилишича, Украинанинг муваққат ҳукумати "экстремистлар томонидан содир этилаётган қўрқитиш амалларига" йўл қўйиб бераяпти.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Америка тарафи Россияга Оврўпо Иттифоқи ва Киев ҳокимияти билан музокараларга ўтириш, Украина чегараларидаги Россия қўшинларини жамламаслик, Қримдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш таклифини илгари сурган.

Ғарб оммавий ахборот воситалари жосуслик хизматлари ахборотига таяниб Россия шарқий Украинани босиб олиш мақсадида қўшинларини йиғаётгани ҳақида хабар қилганлар.

Москвада бўлиб қайтганидан кейин журналистлар билан учрашган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун айтишича, Президент Путин ўзини Россия қўшинларига Украина ҳудудида бостириб киришларига буйруқ бермоқчи эканига ишонтирган.

Оқ Уй баёнотида айтилишича, Президент Обама АҚШ фақат инқирозни юмшатиш мақсадидаги дипломатик қадамларни қўллаб-қувватлайди.

Президент Обамага кўра, бу дипломатик мулоқотлар фақат Россия ўз қўшинларини ортга қайтарсагина ва Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бундан кейин бузмасагина имконлидир.

Икки президет ўз ташқи ишлар вазирлари тез орада яна бир марта юзма-юз учрашиб, келгуси қадамларни муҳокама қилишларига келишиб олганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ