Қрим ва Севастопол Москва вақтига ўтди

Россияга қўшилган Қрим ярим ороли Москва билан бир хил вақт тизимида бўлиш учун якшанбага ўтар кечаси соат милларини икки соат олдинга сурди.

Бунгача Қрим ва Севастопол халқаро қабул қилинган UTC+2 тизимида бўлиб, қишки ва ёзги вақтларга амал қилиб келган.

16 март референдумидан сўнг Қримнинг халқаро ҳамжамият тан олмаган ҳукумати соат милларининг сурилиши ҳақида эътироз билдирган эди.

Қрим ярим ороли собиқ Иттифоқ таркибида ва 1994-96 йиллар ичида Москва вақтига амал қилган.

30 апрелдан бошлаб дунёнинг кўп мамлакатларида, жумладан Украинада ҳам соат миллари олдинга сурилиб, ёзги вақтга ўтилди.

Қрим ҳукумати Москва вақтига ўтиш бирор бир қийинчилик туғдирмаслигини билдирган.

Қримнинг бош вазир ўринбосари Рустам Темургалиевга кўра, вақтнинг ўзгариши силлиқ ва молиявий муаммоларсиз ўтиши керак.

Қрим расмийсининг айтишича, Қримдаги ташкилотлар Москва вақтига ўтишга олдиндан тайёрланганлар, иқтисодий зарарнинг олдини олиш учун иш тартибини шунга мувофиқ тузилган.

Қрим ярим оролидаги машҳур Симферопол темир йўл вокзали минораси ва Севастопол марказий майдонидаги соат шанба куни кеч 22.00 да икки соат олдинга сурилган.

Шаҳарнинг минглаб аҳолиси вақт ўзгаришига гувоҳ бўлиш учун майдонга йиғилишган.

Улар қўлларида Россия байроқларини кўтариб олишган.

Қрим бош вазири Сергей Аксёнов қримликларни “уйга қайтиш” ва “тўғри вақтга ўтганлик” билан қутлаган.

Қрим татарлар норози

Айни вақтда Қримнинг туб аҳолиси бўлган қрим татарлар янги ҳукуматнинг хоҳишлари ярим оролдаги барча аҳолининг ниятларини англатмаслигини айтмоқда.

Шанба куни Қримдаги Боғчасарой шаҳрида Қрим Татарлари Мажлисининг навбатдан ташқари қурултойи ўтказилган.

Қурултойда Қрим Татарлари Мажлисининг 200 тача аъзоси, Қрим Муфтийси Эмирали Аблаев, Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов, Россия Муфтийлари Кенгаши раиси Равил Гайнутдин иштирок этганлар.

Қрим Татарлари Мажлиси раиси Рефат Чубаров ушбу қурултой "Қрим Татар халқининг ўз келажагини ўзи белгилаш ҳуқуқи"га бағишланганини айтган.

Қурултойда Қрим замини ва Қрим Татарларининг ватани экани айтилган.

Қурултойда Қрим Татарларининг миллий ҳудудий мухториятини ташкил этиш ғояси илгари сурилаётгани маълум қилинган.

Қрим Татарлари 16 мартдаги Россияга қўшилиш мақсадидаги референдумни бойқот қилган эдилар.

Қримда 300000 атрофида Татар истиқомат қилади.

Улар ярим орол аҳолисининг 12 фоизини ташкил этади.