БМТ: Иқлим ўзгариши таъсири "оғир, кенг кўламли ва қайтарилмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Иқлим исишининг таъсири "оғир, кенг кўламли ва қайтарилмас" бўлади, дейилади БМТ чоп қилган йирик ҳисоботда.

Японияда учрашаётган олимлар ва расмийларнинг айтишича, мазкур ҳисобот иқлим исишининг жаҳонга таъсири борасида шу кунгача олиб борилган энг батафсил тадқиқотдир.

БМТнинг иқлим бўйича ҳайъати аъзолари бу тадқиқот иқлим исиши таъсири нақадар кенг кўламли экани борасида инкор қилиб бўлмайдиган далил-исботни келтиради.

Табиий жараёнлар энг кўп хавф остида қолган, бироқ инсон ҳаётига бўлган хавф ҳам ошиб бормоқда.

Инсон саломатлиги, уйи, озиқ-овқати ва хавфсизлигига ҳароратнинг кўтарилиб бориши таҳдид солади, дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот Йокоҳамада қарийб бир ҳафта давом этган қизғин баҳсларнинг маҳсули бўлди.

Иқлим ўзгариши бўйича Ҳукуматлараро Ҳайъатнинг бу иккинчи ҳисоботи иқлим ўзгаришининг сабаблари, таъсири ва уни ҳал қилиш усулларини ўзида мужассам қилган.

Ҳукуматлар раҳбарлари учун мўлжалланган охирги ҳужжат иқлим ўзгаришининг таъсирини қўллаб-қувватловчи илмий далил-исбот 2007 йилда ҳисобот чоп қилинганидан бери икки баравар ошганини айтади.

Ҳисоботда айтилишича, абадий музликларнинг эриши ва кўтарилиб бораётган ҳарорат инсон ҳаётига "оғир, кенг кўламли ва қайтарилмас" таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

"Ер сайёрасида ҳеч ким иқлим ўзгаришидан таъсирланмай қолмайди", - деди БМТ ҳайъати раиси Ражендра Пачаури Йокоҳамада ўтган матбуот анжуманиди.

Ҳисоботнинг муаллифларидан бири Доктор Салимул Ҳақ: "Шу кунгача биз нималар бўлаётганини биламиз деб ўйлагандик, лекин энди эса вазият қандай экани ва у нақадар ҳақиқий экани борасида бизда инкор қилиб бўлмайдиган исбот бор", - деди.

Жаҳон Метеорологик Ташкилотининг бош котиби Мишер Жарро аввал одамлар Ер иқлимига шикаст етказа туриб, билимсизликни рўкач қилганларини айтди.

"Энди эса билимсизликни баҳона қилиб бўлмайди", - деди у

Жаноб Жарронинг айтишича, ҳисобот 12 мингта илмий тадқиқотга асосланган. Унинг айтишича, бу "ҳар қандай илм-фан доирасида олиниши мумкин бўлган энг ишончли далил-исботдир".

Ҳисобот келгуси 20-30 йил ичида иқлим ўзгариши инсониятга қандай қисқа муддатли таъсир қилишини батафсил тасвирлайди. У бешта асосий ҳавотирни алоҳида урғулайди.

Булар сирасига Артик денгизидаги музликлар ва маржон рифлари каби уникал тизимларга бўлган таҳдидлар киради. Ҳисобот ҳароратнинг 2 градусга кўтарилиши билан таҳдид "ўта юқори" бўлишини айтади.

Ҳужжат денгизлар ва дарёларга бўлган таъсирни ҳам тасвирлайди. Унга кўра, уммон суви таркибидаги кислота ошади ва ундаги маржон ва жонзотларга хавф солади.

Ҳарорат ошиши билан қуруқликдаги ҳайвонлар, ўсимликлар ва бошқа жонзотлар баландликлар ва қутблар сари ҳаракат қила бошлайдилар.

Инсонларга таъсир ҳақида гап кетар экан, озиқ-овқат тақчиллиги энг катта хавотир уйғотган. Маккажўхори, гуруч ва буғдой 2050 йилга бориб 25 фоизга камайиши башорат қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2050 йилга бориб аҳоли сони 9 миллиардга етиши ва шаҳарлар кенгайиб бориши кутилар экан, озиқ-овқат етишмовчилиги янада ёмонлашади.

Инсониятнинг катта қисми учун асосий озиқ-овқат бўлган балиқларнинг кўп турлари сувнинг исиши каби бошқа жойларга кўчадилар.

Тропик ҳудудлар ва Антарктиканинг баъзи қисмларида балиқчилар ўлжаси 50 фоизга камайиши мумкин.

Одамлар сув тошқинлари ва юқори ҳароратга боғлиқ ўлим хавфи остида қолади.

Қашшоқ мамлакатлар қисқа муддатда энг кўп шикаст есаларда, бадавлат мамлакатлар ҳам "сувдан қуруқ чиқишмайди".

"Бой мамлакатлар иқлим ўзгариши ҳақида ўйлашлари керак. Бир неча ой аввал Британияда юз берган сув тошқинлари, АҚШга ёпирилиб келган тўфонлар ва Калифорнияда юзага келган қурғочиликни эсдан чиқарманг", - деди Доктор Ҳақ.

Your contact details
Disclaimer