Парвез Мушарраф давлатга хиёнат қилишда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи v

Покистон маҳкамаси собиқ президент Парвез Мушаррафга давлатга хиёнат қилиш бўйича расман айблов эълон қилган.

Парвеш Мушарраф ўзига қўйилган айбловларни рад қилиб келади ва уларни сиёсий эканлигини айтади.

Парвез Мушарраф 2007 йилда мамлакат конституциясини тўхтатиб, ўзининг ваколатларини кенгайтириш учун Покистонда фавқулодда ҳолат қилганликда айбланади.

Мушаррафга беш банд бўйича айблов эълон қилинган ва собиқ президент ўзининг айбдор эмаслигини айтиб, уларнинг барчасини рад этган.

Покистон қонунларига биноан, давлатга хиёнат қилганлик учун ўлим ёки бир умрлик қамоқ жазоси таҳдид қилади.

Айни пайтда Парвез Мушарраф ҳарбий кардиологик касалхонада сақланмоқда.

Олдинги маҳкамаларга Парвез Мушарраф хавфсизлиги таъминланмаганини айтиб, ҳозир бўлмаган.

Унинг ҳимоячиларига кўра, маҳкама Мушаррафнинг хавфсизлигини етарли таъминлаганига ишонч йўқ.

Декабр ойида Мушаррафнинг Исломобод чеккасадига қароргоҳи яқинида портловчи модда топилган ҳақидаги хабар боис маҳкама қолдирилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Парвез Мушарраф онаси ва рафиқаси билан.

Айбловлар

Собиқ президент давлатга хиёнатдан ташқари одам ўлдириш мақсадида тил бириктириш ва бу жиноятга шериклик қилишда айбланган.

Парвез Мушаррафга қарши 2007 йилда мухолифат раҳбари ва мамлакат собиқ бош вазири Беназир Бҳутто ўлдирилишига алоқадор иш бўйича уч айблов илгари сурилган.

Ҳимоячилар Мушаррафга нисбатан Покистонда адолатли маҳкама ўтказилишига шубҳа билан қарашади.

"У хавфсизлиги таъминланмагани боис маҳкамада қатнаша олмайди", деган ҳимоячи Аҳмад Касурий.

Шу билан бирга маҳкама Мушаррафнинг яқинда бир гуруҳ эркаклар Лаҳорда ўзига ҳужум қилишгани ва у қочиб қутулгани юзасидан шикоятини жиддий қабул қилмаган.

Ҳимоячи Анвар Мансурнинг айтишича, ҳозирги бош вазир Навоз Шарифда Мушаррафга нисбатан адоват сақланиб қолган.

Парвез Мушарраф 1999 йилда қонсиз йўллар билан Навоз Шарифни ҳокимиятдан ағдариб, мамлакат раҳбарига айланганди.

У ҳокимиятда тўққиз йил қолди, бироқ 2008 йилги демократик сайловларда мағлуб бўлиб, Покистонни ихтиёрий тарк этди, ва ўтган йил бошига қадар асосан Дубай ва Лондонда яшади.

Собиқ ҳарбий раҳбар ўша пайтдаги ҳукумат унинг ҳибсга олинмаслигига кафолат берганидан кейин сайловларда ўз партиясига раҳбарлик қилиш мақсадида ватанига қайтди, бироқ сайловлардан четлатилди ва кўп ўтмай ўзи қудратда бўлган пайтида бир қанча жиноятлар содир этишда айбланиб, уй қамоғига олинди.

Мушарраф давлатга хиёнатда айбланиб маҳкамага юз тутаётган биринчи собиқ ҳарбий раҳбар бўляпти.

Мухбирларга кўра, кўпчилик покистонликлар Навоз Шариф ҳукумати мамлакат олдида турган иқтисодий муаммолар, мазҳаблараро қарама-қаршиликлар боис давом этаётган ҳужумлардан чалғитиш учун маҳкама жараёнидан фойдаланмоқда деб билишади.

Таҳлилчиларга кўра, мамлакатда жаноб Мушаррафнинг тарафдорлари ҳам анчани ташкил этади, унинг тарафдорлари Парвез Мушарраф учун ўз ҳаётларини беришга ҳам тайёр эканликларини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ