Эрдўғон: сайловларда мағлубият мухолифатга қимматга тушади

Фото муаллифлик ҳуқуқи afp

Туркияда якшанба кунги маҳаллий сайловларда бошқарувдаги "Адолат ва тараққиёт" партияси кўп овоз олган.

Дастлабки ҳисобларга кўра, бош вазир Эрдўғоннинг партияси қарийб 45 фоиз овоз тўплаган.

Эрдўғоннинг ўзи сайловларда иштирок этмади, лекин партияси номзодларини фаол тарғиб қилди.

Таҳлилчиларга кўра, бу галги овоз бериш охирги пайтда юзага келган мураккаб вазиятда 10 йилдан буён бошқарувдаги сиёсатга халқнинг ишончини аниқлаш референдуми ҳам бўлган.

"Адолат ва тараққиёт" партияси аъзолари, хусусан бош вазирга нисбатан коррупцияга алоқадорлик айбловлари манзарасида партиянинг ғалабаси кўп нарсани англатади.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон партиядошларини аллақачон ғалаба билан қутлаган. Шу билан бирга сиёсий мухолифларига мағлубият "қимматга тушиши"дан огоҳлантирган.

Бу мамлакатда 2013 йил май ойида бошланган оммавий намойишлар ва декабр ойидаги коррупцияга алоқадор жанжаллардан кейин ўтаётган биринчи сайловлардир.

Аҳолининг сайловларга иштироки юқори бўлгани кузатилган.

Маҳаллий сайловлар олдиндаги - август ойида ўтиши режалаштирилган президентлик сайловлари ва кейинги йилги парламент сайловолди имтиҳони ҳам бўлган.

Сайловлар вақтида яна тўқнашувлар юз берган. Рақиб партиялар тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларда саккиз киши ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган.

Сайлов олди шунингдек Истанбулда ҳукуматга яқин ва мухолиф партиялар намойишлар уюштирганлар.

Мухолифатдаги Республикачи миллий партия номзоди Мустафо Сариғўл автобусда шаҳарни айланиб, одамларга партия белгиси туширилган қизил футболкалар тарқатган.

Истанбул ҳокимлиги учун Мустафо Сариғўл Эрдўғон сафдоши Қодир Топбош билан беллашади.

Ражаб Тойиб Эрдоған 1994- 1998 йиллар Истанбул ҳокими бўлган ва бу шаҳардаги бўлажак сайловлар унинг ҳукуматига ишончни аниқлаш норасмий референдуми ҳам бўлиши кутилмоқда.

Эрдўғон сайловолди кампаниясида қатнашган. Жума куни шифокорлар талабига кўра, чиқишини қолдирган. Шанба кунги чиқишида эса Эрдўғон мухолифатга қарата сайлов масканларига бориб, дарс беришларини ва ҳақиқий "Усмоний зарба" кўрсатишни маслаҳат берган.

Шу йилнинг феврал ойида Эрдўғон мухолифлари томонидан катта миқдордаги давлат маблағини ўзлаштиришда айбланганди. Бунга YouTube тармоғига қўйилган гўёки Эрдўғон ва унинг ўғлига алоқадор суҳбат асос бўлган эди. Жаноб Эрдўғон буни сохталигини айтиб, интернетда ўзига қарши айбловни хорижий тил бириктириш натижаси деб атаган.

Шу боис, март ойида сайловлар олди ҳукумат дастлаб Твиттерга, сўнгра YouTubeга тўсиқ қўйди. Эрдўғон интернет сайтларни нотўғри маълумот тарқатишда айблаб, уларга мамлакатда тўсиқ қўйилишига шахсан қарор берди.

2013 йил охирида Эрдўғоннинг бир қатор тарафдорлари порахўрликда гумонланиб тўсатдан ҳибсга олинди. Бундан сўнг Эрдўғон маҳкама ва полиция хизматининг юзлаб ходимларини вазифасидан озод қилди.

Коррупцияга алоқадор жанжалларнинг келиб чиқиши аслида Эрдўғон ва унинг бир пайтлар ҳамкори бўлган Фатхулла Гулен билан келишмовчиликлари оқибатлари деб қаралади.

Таниқли ислом уламоси Фатхулло Гулен айни пайтда АҚШда яшаса ҳам, Туркияда катта таъсирга эга шахсдир. Гуленнинг суд ва прокуратура тизимларида кўплаб тарафдорлари борлиги айтилади.