Президентлик сайловлари: Номзоднинг яхшисини ким билади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Яъни, эркакми ва ё аёл? Бу яна қанақа савол бўлди, десангиз, энг долзарбларидан бири...

Қаерда дейсизми, тақдирига Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган қўшни Афғонистонда.

Президентлик сайловлари арафасида Афғонистоннинг анчайин анънадор чекка ҳудудларида худди шу масала бугун жиддий шикоятларга сабаб бўлмоқда экан.

Ҳали-ҳануз оилада сўзи сўз бўлган афғон эркакларининг даъво қилишларича, номзоднинг зўрини фақат ўзлари билишади.

Ва эркак киши турган пайтда, бу масалада аёлга йўл бўлсин: "Агарки, сайловларда қатнашса ҳам, оила бошлиғи танлаган номзодга овоз беради!"

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, Афғонистон аҳолисининг катта қисми худди шу каби кайфият ҳукмрон қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Мавжуд ҳолат маҳаллий фаоллар ва ҳатто, сайлов масъулларининг ўзларини ҳам хавотирга солмай қўймаган, улар хотин-қизларни овоз беришга ундаш учун бу гал масжид уламоларигача ишга солишганди.

Аммо, Афғонистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларидан биз билан суҳбатда бўлган аксарият аёлларнинг айтишларича, президентлик сайловлари бўлмайдими, эрлари нима дейишса, шу бўлади.

Уларга кўра, йилларки шаклланиб келган анъанасифат одатни бузишга ҳадлари сиғмайди ва қандай қилиб эрларига ҳурматсизлик қилишади?!.: "Бутун оилам номидан бориб, эримнинг ўзи овоз бериб келади".

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, қўшни Афғонистондаги бу галги президентлик сайловлари аввалги иккитасидан фарқли тарзда, бирор бир аёл номзоднинг иштирокисиз бўлиб ўтади.

Қарийб бир ойдан бери бутун Афғонистонни забтига олаётганига қарамай, сайловолди таблиғот амалиётларида ҳам афғон хотин-қизлари деярли кўзга ташланмайди.

Ўз кампанияси чоғида президентликка 1-муовин ва Афғонистон шимолида катта қудратга эга мухолиф сиёсатчи генерал Абдулрашид Дўстумнинг илк бор ўз хонимини халқ кўз ўнгига олиб чиқиши эса, Афғонистонда, ҳатто, яқинда куннинг бош хабарига айланган воқеълик тусини ҳам олди.

Афғонистоннинг янги президентлиги учун беллашаётган 11 эркак номзод аксариятининг хотин-қизлар борасидаги ваъдалари эса, уларнинг ҳуқуқларини яхшилаш ва таълим олишларига кўпроқ йўл бериш каби умумий гаплар билан чекланмоқда.

Худди шундай манзарада, Би-би-си Ўзбек Хизмати ўзининг ўта анъанадорлиги ва шафқатсизлиги билан ном чиқарган Толибон тузуми қулатилишидан 13 йил ўтиб ҳам, тўқнаш келиб турган муаммолари озмунча бўлмаган Афғонистон хотин-қизларига микрофон тутиб, уларнинг бўлажак сайловлар арафасидаги ўй-фикрлари билан қизиққан.