Президентликка номзодлар: Шифокор ва уламолар собиқ мужоҳидларга қарши

Ҳа, ижтимоий мансубликлари бу қадар бир-биридан кескин фарқ қилувчи 8 номзод 5 апрел куни қўшни Афғонистон президентлиги учун беллашишади.

Бу эса, тақдирига Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган ва катта сондаги ўзбеклар ҳам истиқомат қилувчи бу мамлакатдаги сиёсатнинг қанчалик мураккаблигини кўрсатади:

Шифокор ва уламолар айримларининг ҳақиқатан ҳам сайловларда ютиб чиқиш эҳтимоли катта бўлган қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондонларига қарши туришади.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, президентликка номзодлар ва улар муовинларининг аксарияти Афғонистон сиёсатида таниш чеҳралар.

Аммо бундан бир ой муқаддам жаъми 11 номзод сайловолди кампаниясини бошлашган бўлса, ҳозирга келиб, уларнинг сони саккизтага тушган.

Абдул Раҳим Вардак, Қаюм Карзай ва Муҳаммад Нодир Наим бошқалари фойдасига ўз номзодликларидан воз кечишган.

Қолган саккиз номзоднинг барчаси эркак: Ўтган икки галги сайловлардан фарқли тарзда, бу йил уларнинг орасида бирорта ҳам аёл сиёсатчи йўқ.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон аҳолисининг 10 фоизини ташкил этишса-да, бирор бир ўзбек сиёсатчиси ҳам президентлик учун беллашмаяпти.

Афғонистон шимолида катта қудратга эга мухолиф сиёсатчилардан бири бўлган генерал Абдулрашид Дўстум эса, асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Ашраф Ғани Аҳмадзайга 1-муовинлик қилмоқда.

Афғонистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир номзод иккитадан муовини билан бирга сайловларда иштирок этади.

Афғонистонда миллий, мазҳабий, ҳизбий ва минтақавий мансублик катта аҳамият касб этади.

Шу боис ҳам, президентликка номзодлар ғолиб чиқиш имкониятларини яхшилаш учун худди шу омилларга қараб, ўзларига муовин танлашади.

Шундай қилиб, Афғонистон президентлигига номзодларнинг қисқача таржимаи ҳолларига бир назар:

Ашраф Ғани Аҳмадзай:

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Паштун. Антропология бўйича профессор. Ривожланаётган давлатлар иқтисодини оёққа қўйишда катта ўринга эга Жаҳон Банкида ҳам ишлаган. 2001 йилда Толибон тузуми қулатилиши ортидан, Америкадан Афғонистонга қайтган. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги махсус вакили Лахдар Браҳимига муовинлик қилган. Янги афғон ҳукуматига асос солган Бонн шартномасини ишлаб чиқишда ҳам кўмак берган. Афғон муваққат ҳукумати даврида молия вазири бўлиб ҳам ишлаган.

Доктор Абдулла Абдулла:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожик. Кўз шифокори. Афғонистон собиқ ташқи ишлар вазири. 2009 йилги сайловларда амалдаги президент Ҳомид Карзайдан кейин энг кўп (30 фоиздан кўпроқ) овозни қўлга киритган. Аммо эркин ва адолатли бўлишини савол остига олиб, иккинчи давра сайловларда иштирок этишдан бош тортган. Афғон ҳукуматига мухолифатдаги Шимолий Иттифоқ (Миллий Жабҳа)нинг кўзга кўринган намояндаларидан бири.

Залмай Расул:

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Паштун. Асл касби шифокор. Зохир Шоҳ учун ҳам ишлаган. Афғонистонга 2002 йилда қайтган. Собиқ ташқи ишлар вазири. Амалдаги президент Ҳомид Карзайнинг ишонган одамларидан бири саналади. Президент Карзайнинг акаси Қаюм Карзай айнан Залмай Расулнинг фойдасига ўз номзодидан воз кечган ва у билан иттифоқчиликка киришган.

Абдул Раб Расул Сайёф:

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Паштун. Афғонистондаги собиқ мужоҳиддин гуруҳларидан бирининг раҳбари бўлган ягона номзод. Кичик эканига қарамай, унинг "Иттиҳодий Исломий" гуруҳи Саудия Арабистонининг молиявий кўмаги остида катта қудрат касб этган. "Иттиҳодий Исломий" Афғонистонда 90-йиллар бошларида рўй берган фуқаролар уруши чоғида уруш жиноятлари содир этишда айбланувчи қатор қуролли гуруҳлардан бири саналади.

Ҳидоят Амин Арсала:

Паштун. Технократ. Таниқли иқтисодчи. 1969 йилда Жаҳон Банкига биринчи бўлиб ишга кирган афғон. Шу билан бирга, 18 йил Жаҳон Банкида ишлаган. Афғонистоннинг собиқ молия вазири, собиқ ташқи ишлар вазири ва президент муовини бўлиб ҳам ишлаган. 2013 йилнинг октябр ойига қадар ҳукумат таркибида бўлмаган вазир лавозимини эгаллаб келган.

Муҳаммад Довуд Султонзай:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Tolonews

Паштун. Шарқий Ғазний вилоятилик. Учувчи. Афғонистоннинг миллий "Ориёна" ширкатида ишлаган. Собиқ Шўролар Иттифоқи Афғонистонга бостириб кирган пайтда учоғини тўғри Олмонияга йўналтириб, мамлакатидан бош олиб кетган. Шундан сўнг 22 йил умрини АҚШда учувчилик қилиб ўтказган.

Гул Оға Шерзай:

Паштун. Шарқий Нангархор вилоятининг собиқ ҳокими. Асл исми Муҳаммад Шафиқ. Президент Нажибуллоҳ даврида мужоҳиддин қўмондонларидан бири бўлган ва отаси билан бирга коммунистик ҳукуматга қарши курашган.

Қутбиддин Ҳилол:

Фото муаллифлик ҳуқуқи PAN

Паштун. Мустақил номзод. 2001 йилда қудратга келган янги афғон ҳукумати таркибида ҳеч қачон хизмат қилмаган ягона номзод. Таниқли исёнчи қўмондонлардан Гулбиддин Ҳикматёрнинг "Ҳизби Исломий" гуруҳидан. Гуруҳ ҳануз Афғонистон Толибон ҳаракати билан бир сафда жанг олиб бориб келади. Афғонистон Толибон ҳаракати эса, президентлик сайловларини тан олмаслигини билдирган. Уни чиппакка чиқариш учун қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган.

Бу мавзуда батафсилроқ