АҚШ ҳарбий базасида уч аскар отиб ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШнинг Техас штатидаги Форт Ҳуд ҳарбий базасида аскар ўзини ўлдиришдан аввал уч ҳамкасбини отиб ўлдирган ва 16 нафарини жароҳатлаган.

АҚШ матбуоти гумондорни 34 ёшли Айван Лопез деб атади, бироқ унинг шахси ҳозирча расман тасдиқланмади.

Расмийларга кўра, ҳужумчи Ироқда хизмат қилган ва руҳий хасталикдан оғриган.

Президент Барак Обама ҳужум ҳақида эшитиб ўта қайғуга ботганини айтди. Айни базада 2009 йилда юз берган қуролли ҳужум 13 аскарни нобуд қилиб, 32 нафарини яралаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Майор Нидал Ҳасан бу ҳужум учун ўлим жазосига маҳкум этилганди.

“Қурбон”

АҚШ армияси воизи Генерал-Лейтенант Марк Милли чоршанба куни юз берган отишма террорчиликка боғлиқ эканига ҳозирча ҳеч қандай ишора йўқлигини айтди.

Унга кўра, гумондор 2001 йилда ҳарбий хизматда бўлган вақтида жароҳат олмаган, бироқ пост-травматик стресс касаллиги бор ё йўқлиги борасида текширилаётган бўлган.

Генерал Миллий аскар Лопез депрессияга қарши тиббий муолажа олаётган бўлганини айтди.

Генерал мазкур ҳужум аввалдан тайёрланган бўлгани, ҳамда ҳалок бўлганлар армия аъзолари бўлгани борасида ҳозирча маълумот йўқлигини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аскар базадаги иккита бинога машина ҳайдаб борган ва ҳарбий полиция тўхтатишидан аввал ўт очган. Ҳужум 15-20 дақиқа давом этган.

У сўнгра 45 калибрли ярим автоматик тўппонча билан ўзини отиб ўлдирган.

Расмийларга кўра, қурол маҳаллий дўкондан сотиб олинган бўлган.

Одатда АҚШ ҳарбий базаларида қурол кўтариб юришга фақат ҳарбий полиция ва саноқли аскарларга изн берилади.

Бу мавзуда батафсилроқ