НАСА Россия билан ҳамкорликни тўхтатишини билдирди

НАСА Россиянинг Қримга нисбатан сиёсатига норозилик сифатида у билан Халқаро Фазо станциясиясидаги биргаликдаги амалиётидан ташқари барча ҳамкорликни тугатади, деб билдиради НАСА расмийлари.

ХФСда айни пайтда икки россиялик ва бир америкалик астронавт бор.

НАСА баёнотида айтилаётган тақиқ амалга ошадиган бўлса, маълум кўрсатма берилмагунича ходимларнинг Россияга сафар қилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек электрон почта орқали ёзишмалар ва россиялик ҳамкорлар билан телеанжуман ўтказиш, халқаро тадбирларда учрашувга рухсат берилмайди. Россия вакилларининг ҳам НАСАга ташриф буюриши мумкин эмас.

"Россиянинг Украина ҳудудий бирлигига дахл қилиши боис, НАСА Россия Федерацияси билан айни пайтдаги аксарият шартномаларини тўхтатади. Лекин НАСА ва Роскосмос Халқаро фазо станциясида хавфсиз ва узлуксиз фаолиятни таъминлаш учун биргаликдаги ишларини давом эттиради", дейилади НАСА баёнотида.

"Космик парвозларни Америка томонидан тўлиқ молиявийлаштириш ва Россияга миллионлаб долларларни такроран ўтказиш ўртасида танлов турибди. Обама маъмурияти Америкада молиялаштиришни хоҳламоқда, биз умид қиламизки, Конгресс бу нуқтаи назарни мақуллайди", дейди НАСА.

Россиянинг бир қанча сиёсатчилари НАСАнинг баёнотини у қадар жиддий қабул қилмаганлар.

"Бизда шундоқ ҳам Халқаро фазо станциясидан ташқари НАСА билан бошқа йирик ҳамкорлик йўқ эди", деб айтган Россия ҳукумати вакили Дмитрий Рогозин.

Роскосмос сайтида эса Америка агентлиги 2011 йил имзоланган шартномага биноан, Россиянинг "Спектр-ЗГ" фазо аппаратини яратишда иштирок этиши қайд этилган.

"Рогозин бугун билан яшайди, у МКС дан ташқарида нималар бўлишини билмайди. Ойни тадқиқ этиш ва Лагранжни ўрганиш ҳақида унинг хабари йўқ. У бундай "майда" ишлар билан қизиқишга хоҳиши йўқ", дейди бош вазир ўринбосарининг фикрига эътироз билдирган Россия фазо академияси аъзоси Юрий Караш Би-би-сига.

"Россия халқаро ҳамкорлик ўрнида айни пайтда ҳеч нарсани таклиф қилолмайди. АҚШ Россияга боғланган бир-икки лойиҳалар бор. Агар икки-уч йилдан сўнг фазога бошқариладиган "Аждар" кемаси чиқарилса, "Союз" билан ҳам АҚШнинг иши бўлмай қолади", деб қўшимча қилади эксперт.

Маълумотларга кўра, Халқаро Фазо станциясида америкалик астронавтнинг ўрни учун НАСА Россияга 70 миллион доллар тўлайди.

Халқаро экипаж аъзолари учрашуви ўтган ҳафтада дўстона ўтган.

НАСА маъмурияти бундан олдин Қрим инқирози икки томонлама фазовий ҳамкорликка таъсир қилмаслигини билдирган эди.

Россиялик фазогирлар Александр Скворцов, Олег Артемьев ва НАСА астронавти Стивен Суонсонлар фазода жами 176 кун бўлишлари керак.

Улар "Союз" бортидаги япониялик Коичи Ваката, россиялик Михаил Тюрин ва америкалик Рик Мастраккионинг ўрнини эгаллайди. Фазогирларни ўтган йил ноябр ойида "Союз ТМА-11М" кемаси олиб чиққан эди. Соунсон командирлигидаги экипаж 40 дан ортиқ илмий-техник тадқиқотлар ўтказишлари режалаштирилган.

"Бизда россияликлар билан олий тоифадаги ва ривожланган ҳамкорлик мавжуд. Биз уларга боғлиқ бўлганимиздек, улар бизга узвий боғлиқ. Бу ерда ажралиш ҳақида ўйламаслик керак", деб айтган Ассошиэйтед Прессга Жорж Вашингтон университети космик сиёсат бўлими раҳбари Скотт Пэйс.

Америкалик олим НАСАнинг қарори фазони тадқиқ қилиш ишларига жиддий зарар етказиши мумкинлигидан хавотир билдиради.

2003 йил 1 февралда АҚШнинг "Колумбия" кемаси ҳалокатга учраган, экипажнинг етти аъзоси бўлган кема Техас штатида ерга келиб урилган эди.

Ўшандан кейин 2006 дан 2010 йилгача "Дискавери" шатлли 17 парвозни амалга оширган, лекин кутилган самарага эришилмаган. Шундан сўнг, АҚШ "Спейс шатлл" лойиҳасини тўхтатган, халқаро фазо станциясига "Союз" кемаси орқали чиқа бошлаган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ