Покистон: Парвез Мушаррафга суиқасд қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Покистон полицияси хабар беришича, Покистон собиқ президенти Парвез Мушарраф Равалпинди ҳарбий касалхонасидан Исломободга уйига қайтгунича кортеж йўлида бомба портлаган.

Портлаш натижасида ҳеч ким жароҳатланмаган.

Полиция вакили бомба кўприк остидаги қувурга қўйилганини, бироқ портлаш Парвез Мушарраф кортежи ўтиб кетгач юз берганини айтади.

Бу собиқ президентга нисбатан биринчи суиқасд эмас. Охирги марта Парвез Мушарраф ҳаётига хавф туфайли декабр ойидаги маҳкамада қатнашмаган эди.

Парвез Мушаррафга 31 мартда давлатга хиёнат қилиш бўйича расман айблов эълон қилинди.

Генерал Мушарраф 2007 йил Покистон конституциясини тўхтатган ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган эди. Маҳкама Мушаррафни айбдор деб топса, уни ўлим ҳукми ёки умрбод қамоқ жазоси кутади.

Парвеш Мушарраф ўзига қўйилган айбловларни рад қилиб келади ва уларни сиёсий эканлигини айтади.

Парвез Мушарраф ўзининг ваколатларини кенгайтириш учун Покистонда фавқулодда ҳолат қилганликда айбланади.

Мушаррафга беш банд бўйича айблов эълон қилинган ва собиқ президент ўзининг айбдор эмаслигини айтиб, уларнинг барчасини рад этган.

Унинг ҳимоячиларига кўра, маҳкама Мушаррафнинг хавфсизлигини етарли таъминлаганига ишонч йўқ.

Парвез Мушарраф 1999 йилда қонсиз йўллар билан Навоз Шарифни ҳокимиятдан ағдариб, мамлакат раҳбарига айланганди.

У ҳокимиятда тўққиз йил қолди, бироқ 2008 йилги демократик сайловларда мағлуб бўлиб, Покистонни ихтиёрий тарк этди, ва ўтган йил бошига қадар асосан Дубай ва Лондонда яшади.

Собиқ ҳарбий раҳбар ўша пайтдаги ҳукумат унинг ҳибсга олинмаслигига кафолат берганидан кейин сайловларда ўз партиясига раҳбарлик қилиш мақсадида ватанига қайтди, бироқ сайловлардан четлатилди ва кўп ўтмай ўзи қудратда бўлган пайтида бир қанча жиноятлар содир этишда айбланиб, уй қамоғига олинди.

Мушарраф давлатга хиёнатда айбланиб маҳкамага юз тутаётган биринчи собиқ ҳарбий раҳбар бўляпти.

Бу мавзуда батафсилроқ