Янги президент қандай бўлиши керак?

  • 5 أبريل/ نيسان 2014

Қонун ва адолатни таъминлайдиган, тинчликни қарор топтиришга қодир, берган ваъдасига вафо қиладиган, халқини ўйлайдиган, иқтисодни кўтарадиган, ёшларга йўл берадиган...

Янги президентига бунча талабни қўяётган ким бўлди экан десангиз, бугунги сайловларда овоз бераётган афғон халқи.

Тарихий бўлиши айтилаётган президентлик сайловлари эса, Афғонистон озмунча муаммоларга тўқнаш келиб турмаган бир шароитда бўлиб ўтмоқда.

Қарийб икки ўн йиллик Толибон муаммоаси ҳануз барҳам топмаган, ҳаракат билан бир қаторда яна турли исёнчи гуруҳлар фаоллашган, камбағаллик ва коррупция чуқур илдиз отган, афюн ишлаб чиқариш яна ўзининг чўққисига етган...

Устига устак, қўшни Афғонистонда янги президент сайланаётган бир йилда 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари мамлакатни буткул тарк этишлари ва берилаётган катта миқдордаги халқаро ёрдамлар ҳам кесилиши мумкин.

Яъни, расмий Кобул ва Вашингтон ўртасида муайян сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистонда қолишлари ва миллиардлаб доллар хорижий ёрдамларнинг давом этишини таъминлаши мумкин бўлган муҳим хавфсизлик битими ҳам ҳали-ҳануз имзоланмаган.

Худди шу каби истиқбол манзарасида янги президентнинг қандай одам бўлиши оддий афғонлар учун ҳам, Афғонистон можаросига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон дохил қолган барча минтақа давлатлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Шанба кунги президентлик сайловларида эса, жаъми 8 номзод беллашмоқда:

Саккиз номзоднинг барчаси эркак: Ўтган икки галги сайловлардан фарқли тарзда, бу йил уларнинг орасида бирорта ҳам аёл сиёсатчи йўқ.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Афғонистон аҳолисининг 10 фоизини ташкил этишса-да, бирор бир ўзбек сиёсатчиси ҳам президентлик учун беллашмаяпти.

Афғонистон шимолида катта қудратга эга мухолиф сиёсатчилардан бири бўлган генерал Абдулрашид Дўстум эса, асосий номзодлардан бири сифатида кўрилган Ашраф Ғани Аҳмадзайга 1-муовинлик қилмоқда.

Афғонистон сайлов қонунчилигига мувофиқ, ҳар бир номзод иккитадан муовини билан бирга сайловларда иштирок этади.

Афғонистонда миллий, мазҳабий, ҳизбий ва минтақавий мансублик катта аҳамият касб этади.

Уларнинг орасида шифокордан тортиб, уламо ва қудратли собиқ мужоҳиддин қўмондонларигача бор.

Аммо улардан аксарияти Афғонистон сиёсатида йилларки таниш бўлган чеҳралар.

Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, агар, бугунги сайловлар муваффақиятли бўлиб ўтса, катта сондаги ўзбеклар ҳам истиқомат қилувчи қўшни Афғонистонда қудрат илк бор тинч ва демократик йўл билан алмашиниши мумкин бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати нақ сайловлар арафасида оддий афғонларга микрофон тутиб, уларнинг янги президент ва Афғонистоннинг келажаги ҳақида ўй-фикрлари билан қизиққан.

Бу мавзуда батафсилроқ