Эрдўғон Озарбайжонда: газ, Қорабоғ ва Ислом

Фото муаллифлик ҳуқуқи AzerTac

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон сайловлардан кейин Озарбайжонга борди.

Президент Алиев билан учрашувдан сўнг жаноб Эрдўғон журналистларга Туркияда янги сайланган раҳбарнинг Озарбайжонга ташрифи азалий одат эканини айтди.

Гарчи 30 мартда фақат маҳаллий ҳокимиятга сайловлар бўлиб ўтган бўлса ҳам, охирги ойларда қатор коррупцион жанжаллар ва бошқарувдаги партия билан Эрдўғоннинг собиқ иттифоқчиси, ҳозирда ашаддий мухолифи- АҚШда яшовчи Фатхулла Гул ўртасидаги қарама-қаршиликлар манзарасида "Адолат ва тараққиёт партияси"нинг сайловларда кўп овоз олиши бош вазир ва президентнинг бўлажак ғалабаси сифатида баҳоланди.

Туркияда президентлик сайловлари 10 августда бўлиб ўтиши керак.

Эрдўғон сайловолди кампанияси ва мамлакат ички ишлари билан банд бўлганида, қўшни давлатларда қатор ўзгаришлар рўй берди.

Украина инқирози ва энергетика

Украинадаги бўҳрон ва Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши НАТО аъзоси, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг яқин иттифоқчиси бўлган Туркия учун жиддий геополитик оқибатларни келтириб чиқаради. Шу билан бирга, Туркия Россия билан ҳам яқин иқтисодий алоқаларга эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия ва Украина муаммоси Оврўпонинг энергетика хавфсизлиги бўйича жиддий бош қотиришга мажбур қилди.

Янада муҳими, Украина инқирози Оврўпонинг энергетик хавфсизлиги масаласига яна диққатни қаратди. Шунинг учун Эрдўғоннинг Озарбайжонга ташрифи вақти энергетика масаласи асосий мавзу бўлиши кутилган эди.

Туркиянинг табиий газга эҳтиёжи йилига 47 кубометрни ташкил қилади. Ундан 6,6 миллиардини Туркия Баку-Тбилиси-Арзурум газ қувури орқали Озарбайжондан олади. Бундан ташқари Баку-Тбилиси-Жайҳун нефт қувури орқали кунига 1,2 миллион баррел нефт етказилади.

Озарбайжон давлат нефтегаз ширкати SOCAR энергетика соҳасида Туркияга катта инвестиция ётқизган. Айни пайтда ширкат Измир шаҳрида нефтни қайта ишлаш заводини қурмоқда.

Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари Трансанатолия газ қувури (TANAP) қурилиши орқасидан янги муҳим босқичга кўтарилди.

Тахминларга кўра, ушбу янги газ қувури ишга тушса, Оврўпога йилига 16 миллиард кубометр газ етказиб бериш мумкин бўлади.

Президент Алиевнинг сўзларига қараганда, Трансанатолия газ қувури 2018 йилдан, яъни режадан бир йил олдин ишга туширилиши кутилмоқда.

Image caption Фатхулла Гулен иттифоқчидан Эрдўғоннинг ашаддий душманига айланди.

Тоғли Қорабоғ ва Турк мактабларининг келажаги

Туркия ва Озарбайжонни энергетик ҳамкорликдан ташқари мустаҳкам икки томонлама муносабатлар боғлайди.

Алиев ва Эрдўғон ўртасидаги учрашувда яна бир муҳим мавзулардан бири Тоғли Қорабоғ можароси мавзуси бўлди.

Президент Эрдўғон бу сафар ҳам Туркия ҳукумати Озарбайжонга ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди. Эрдўғон Тоғли Қорабоғ бўйича Туркиянинг мавқеи ўзгармаслигини таъкидлади.

Бироқ биргаликдаги матбуот анжуманига йиғилган журналистларни бутунлай бошқа савол қизиқтирди. Аксарият саволлар Озарбайжондаги Турк мактабларининг келажаги ҳақида бўлди. Бу мактабларнинг асосчиси Эрдўғоннинг собиқ ҳамкори, ҳозирда ашаддий рақиби Фатхулла Гулендир.

Лекин икки сиёсатчи ҳам Эрдўгон Алиевдан бу мактабларни ёпишни сўрадими, деган саволга тўғридан тўғри жавобни четлаб ўтдилар. Президент Алиев ҳеч бир томон икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашишини истамаслигини қайд этди холос.

Журналистлардан бири бош вазир Эрдўғондан унинг партиясининг Озарбайжондаги "нурчилар" исломий жамияти билан қандай боғлиқлиги бор, деб сўради.

(Бу жамият турк диний уламоси Саид Нурсий томонидан тузилган. ( "Нурчилар" экстремистик ташкилот сифатида бир қанча мамлакатларда тақиқланган)

Эрдўғон "нурчилар" ва унинг партияси ўртасида ҳеч қандай алоқа йўқлигини билдирди.

Бироқ Туркия ва Озарбайжон ўртасида ҳам сиёсий, ҳам маданий алоқалар борлигига қарамасдан, икки малакатнинг ҳозирги ҳукуматлари ҳамма масалалар бўйича бир хил фикрда эмаслар.

Исломнинг сиёсатдаги роли ана шундай баҳсли масалалардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, Эрдўғоннинг Гулен билан муносабатлари ёмонлашуви орқасидан бу масала яна кун тартибига чиққан.

Ва яқин орада Алиев ҳукумати жаноб Гуленнинг Озарбайжондаги вакиллари фаолиятига нисбатан бирор бир ўзгариш қиладиган бўлса ажабланарли ҳол бўлмайди.