Покистон: Муҳаммад Пайғамбар ҳақидаги СМС учун ўлим жазоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Шаккокликка қарши қонунлар кўпинча диний озчиликларни нишонга олиши айтилса-да, амалда маҳкум этилганларнинг кўпчилиги мусулмонлардир

Муҳаммад Пайғамбарни таҳқирловчи смс-хабар юборишда айбдор деб топилган покистонлик насроний эр-хотин ўлим жазосига маҳкум этилган.

Маълум бўлишича, Шафқат Эммануэл ва Шогуфта Кавсар смсни маҳаллий масжид имомига юборишган, у эса маҳкамага шикоят қилган.

Ислом динини таҳқирлаш иддаолари Покистонда жуда ҳам жиддий қабул қилинади ва қаттиқ жазоланади.

Сўнгги пайтларда чиқарилган қатор маҳкама ҳукмлари шаккоклик қонунларининг қўлланиши билан боғлиқ халқаро хавотирларга сабаб бўлган.

Айбланувчиларнинг ҳимоячиси Би-би-си билан суҳбатда маҳкама жараёни адолатли ўтмаганини айтиб, ҳукмдан шикоят этишини билдирган.

Покистон амалда ўлим жазосига мораторий эълон қилган ва жуфтликнинг қатл этилиш эҳтимоли кам.

Шафқат Эммануэл ва Шогуфта Кавсар Панжоб вилоятидаги Гужра шаҳридан экани айтилади.

2009 йилда Гужрада Қуръон нусҳасининг топталгани ҳақидаги миш-мишлардан ғазабга келган мусулмонлар шаҳардаги 40 уй ва бир черковга ўт қўйишган.

Зўравонликларда камида 8 нафар насроний ҳалок бўлган.

Диний озчиликлар

1990-йиллар бошидан буён Покистонда катта сондаги насронийлар Қуръонни таҳқирлаш ёки Ислом дини ва Пайғамбарига қарши куфр айбловлари билан маҳкум этилган.

Гарчи уларнинг кўпчилиги ўлимга ҳукм қилинган эса-да, юқори маҳкама идоралари далиллар етарли бўлмагани важидан ҳукмларни бекор қилган.

Танқидчилар Покистоннинг шаккокликка қарши қонунлари кўпинча ўч олиш мақсадида ишлатилиши ва аксарият ҳолларда диний озчиликларни нишонга олишини айтишади.

Шаккокликда айбланиб, маҳкум этилганларнинг кўпчилиги мусулмонлар, ундан кейин эса Исломдан ажралиб чиққан Аҳмадия жамоаси аъзолари келади.

2012 йилда Римша Масиҳ исмли насроний қизнинг шаккоклик айблари билан ҳибсга олиниши халқаро жамоатчиликнинг ғазабини қўзғаган.

Бир неча ҳафта давомида қаттиқ қўриқланадиган ҳибсхонада ушлаб турилган Римша ва оиласи кейинроқ Канадага кўчиб кетишган.

Бу мавзуда батафсилроқ