Иорданиядаги Сурия қочқинлари жамлоғида тўқнашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Иорданиядаги Сурия қочқинлари яшайдиган Заатарий жамлоғида хавфсизлик кучлари билан тўқнашув оқибатида ўнлаб кишилар яраланган.

Камида бир суриялик қочқин ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

"Франс Пресс" ахборот агентлигига гувоҳлардан бирининг айтишича, бир аёл ҳалок бўлган.

Зўравонликлар бошланиб кетишига Иордания расмийлари бошқа, Заатарий жамлоғида яшайдиган суриялик қочқинлар бошқа сабабни кўрсатишган.

Жамлоқ маъмуриятига кўра, учта суриялик қочқин жамлоқдан ноқонуний чиқиб кетишга ҳаракат қилган пайтларида ҳибсга олинганлар.

Бундан норози бўлган қочқинлар хавфсизлик кучларига ҳужум қилганлар, тошлар ирғитганлар, бир неча чодир, расмий идора ва автомобилларга ўт қўйганлар.

Иордания расмийларига кўра, камида 22 полициячи жароҳатланган.

Қочқинларнинг айтишларича, норозиликка тўрт яшар суриялик болани Иордания хавфсизлик кучлари автомобили босиб кетгани сабаб бўлган.

Сурияликлар ўзларига нисбатан жамлоқда Иордан расмийлари кўрсатаётган ёмон муносабатдан норози бўлиб келадилар, бу галги норозилик хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларга айланиб кетган.

Қочқинлар тўқнашув оқибатида жароҳатланган сурияликлар сони кўп эканини айтадилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жамлоқ яшовчиларига қарши кўздан ёш сиздирадиган газ қўллашга тўғри келган.

Заатарий жамлоғи бугунги кунда жаҳондаги энг йирик қочқинлар жамлоғи ҳисобланади.

Кўп инсон тўплангани бўйича биринчи ўринда Кениядаги Дадааб жамлоғи туради.

Сурия чегарасидан 12 километр Иордания ичкарисида, саҳро ўртасида Заатарий жамлоғи 2012 йил ёзида ташкил қилинган.

Ҳозирги пайтда у ерда 106 минг суриялик қочқин тўплангани хабар қилинган.

Заатарий Иорданиянинг энг аҳолиси кўп тўртинчи масканига айланган.

Иордания расмийларига кўра, бу жамлоқни таъминлаб туриш учун ҳар куни ярим миллион доллар маблағ сарфлашга тўғри келмоқда.

Ҳар куни Заатарий жамлоғига ярим миллион дона нон ва 4 миллион 200 минг литр сув ташиб келтирилиши айтилади.

БМТга кўра, ҳозирга келиб Суриянинг 10 фоиздан ортиқ аҳолиси ватанини тарк этган, расман 2,5 миллион қочқин қайд қилинган.

Иорданиядан ташқари Туркия ва Ливандан суриялик қочқинлар паноҳ топганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ