Намойишчилар Донецкда 'халқ республикаси' тузилганини эълон қилишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Аввалроқ, россияпараст гуруҳлар маъмурий биноларни эгаллаб олишгани хабар қилинганди

Хабар қилинишича, Украинанинг Донецк шаҳридаги ҳукумат биноларини ишғол қилган россияпараст намойишчилар "Донецк халқ республикаси" тузилганини эълон қилишган.

Интернетда тарқатилган видеотасвирда Донецк ассамблеясида рус тилида сўзлаган намойишчилар вакили: "Мен Донецк халқ республикаси тузилганини тантанали эълон қиламан", деб айтган.

Қўзғолончилар 11 майгача Украина таркибидан ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказишга чақирганлар.

Айни пайтда Украина хавфсизлик хизмати расмийлари мамлакат шарқидаги Донецк, Луганск ва Харков шаҳарларига йўлланмоқда.

Аввалроқ, россияпараст гуруҳлар ушбу шаҳарлардаги маъмурий биноларни эгаллаб олишгани хабар қилинганди.

Муваққат президент Олександр Турчинов тартибсизликларни Россиянинг Украинани "парчалаш"га уриниши дея таърифлаган.

Миллий телевизион орқали чиқишида жаноб Турчинов бу Россия томонидан Украинани беқарорлаштириш, ҳукуматини ағдариш ва режаланган сайловларга халақит беришга қаратилган махсус амалиётлар "иккинчи тўлқини" эканини айтган.

Россия яқинда референдум ортидан Украинанинг Қрим ярим оролини ўзи таркибига қўшиб олганди.

Украина бу амални қонуний ҳисобламайди.

Душанба куни Украина ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Андрей Дешчица "Эхо Москва" ахборот агентлигига агар Россия Украина шарқига қўшин киритса, у билан урушга кириши мумкинлигини айтиши ортидан икки ўртадаги танглик янада кучайган.

Москва Украина билан чегарасига минглаб ҳарбий кучларини келтириб қўйган, аммо Украинага бостириб кириш нияти йўқлиги, фақат этник русларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаётганини айтади.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Даниел Сандфордга кўра, бир миллионга яқин аҳоли бўлган Донецкда Қримдан фарқли ўлароқ аксариятни ташкил қилувчи русийзабонлар билан бир қаторда кўплаб украинлар ҳам истиқомат қилишади.

Мухбиримизнинг қўшимча қилишича, оммавий сўровлар Украина бирлиги учун дастак катта эканини кўрсатган.

Бу мавзуда батафсилроқ