Қозоғистон бўлгинчилик учун жиноий жазони кучайтирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Қозоғистонда Россиянинг қўшни мамлакатлар ҳудудий яхлитлигига тажовузидан хавотирлар бор

Қозоғистон жиноий кодексининг янги лойиҳасига биноан, Қозоғистон ҳудудий яхлитлигини ноқонунан ўзгартиришга чақирган шахс 10 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин.

Бу ҳақида Қозоғистоннинг Tengrinews.kz хабар агентлиги мамлакат бош прокуратурасига таяниб хабар тарқатди.

"Жиноий кодекс лойиҳасига киритилган янги моддага кўра, бўлгинчилик фаолияти учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилади. Қозоғистон ресбпуликасининг ҳудудий яхлитлигини ноқонунан, ноконституциявий равишда ўзгартиришга чақириқлар, дезинтеграцияга чақириқлар учун жиноий жавобгарлик киритилади", - деди Бош прокуратура департаментининг раҳбари Арман Аяганова.

"Мазкур модда бу каби чақириқларни оғир жиноят дея белгилайди ва унинг биринчи бобига биноан, 7 йиллик қамоқ жазоси кўзда тутилади. Агар бу каби амаллар расмий лавозим суистемол қилиниши билан амалга оширилса, жиноий жавобгарлик 10 йилгача белгиланиши мумкин", - деди Аяганова хоним.

Унинг айтишича, интернет ҳам оммавий ахборот воситаси дея ҳисоблангани учун, интернетдаги бўлгинчилик чақириқлари ва тарғиботлар ҳам мазкур модда остига тушади.

Россиянинг Украина ва Қримдаги амаллари Россияга қўшни бўлган қатор собиқ совет республикалари, хусусан энг яқин иттифоқчиларидан бўлган Қозоғистондан тортиб Оврўпопараст Эстонияда хавотирларга сабаб бўлган.

Қозоғистонда қатор сиёсатчилар ва таҳлилчилар Россиянинг қўшни мамлакатлардаги русийзабон аҳоли яшовчи вилоятларни ўзига қўшиб олиши хавфи ҳақида фикр билдира бошлаганлар.

Хусусан, Қозоғистон қишлоқ хўжалик вазирининг собиқ муовини Марат Толибаев "бошқа мамлакатдаги русийзабон фуқароларни ҳимоя қилиш прецеденти Қозоғистон учун ўта хавфли, шунинг учун бу можарода Қозоғистон Россиянинг ёнини ола олмайди", - деб айтган.

Эҳтимолий можаро ҳудуди бўлиб анъанавий тарзда аҳолиси асосан русийзабон бўлган Шимолий Қозоғистон вилояти кўрилади. Бироқ, баъзи таҳлилчиларга кўра, ташқи таъсирсиз у ерда можаро авж олишининг эҳтимоли кам.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Талгат Мамирайимовнинг Би-би-сига айтишича, Шимолий Қозоғистонда бўлгинчилик кайфияти мавжуд, бироқ у очиқча намоён бўлмаяпти.

"Лекин, потенциал катта, фақат бир кичик туртки, учқун керак, холос. Агар Қозоғистондаги этносиёсий рус ташкилотлари Россиянинг кўмаги билан бўлгинчилик кайфиятларини авж олдириш билан шуғуллана бошласалар, можаро осонгина келиб чиқиши мумкин. Лекин, ҳозирча бу фақат хавф деб кўрилади, таҳдид эмас", - деди сиёсатшунос.

Your contact details
Disclaimer