'Инсон ҳақлари ташкилотларига босимда Россия Ўзбекистондан ўрнак олаяпти'

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Бир йил олдин "Мемориал"нинг Москвадаги идорасига рейд уюштирилганди.

Санкт-Петербургдаги маҳкама "хорижий агент" деган ном билан қайта рўйхатдан ўтишни истамаган "Мемориал" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг бўлимини ёпиш ҳақида қарор чиқарган.

"Мемориал"нинг Таҳқирларга қарши маркази Россия ҳудудида ирқчилик ва ксенофобия қурбонларига кўмаклашишга ихтисослашган ва охирги йилда икки марта маҳкама ишини ютиб чиққан эди.

Ниҳоят 8 апрел куни Санкт-Петербург маҳкамаси прокуратуранинг дискриминацияга қарши марказга нисбатан талабини қондиришга қарор қилган.

Таҳқирларга қарши кураш маркази фаолияти тўхтатилгани Россияда "Америка овози" радиоси эшиттиришларини узун тўлқинда тарқатиш тўхтатилган бир вақтга тўғри келган.

Россиянинг "Риа Новости" ахборот агентлиги ва "Голос России" радиосини бирлаштириш натижасида ташкил қилинган "Россия сегодня" давлат ахборот агентлигининг раҳбари Дмитрий Киселёв "Америка овози" раҳбариятга мактуб йўллаган.

Мактубида жаноб Киселёв илгари Америка радиоси билан имзоланган эшиттиришларни Россия ҳудудида узун тўлқинда тарқатишга тааллуқли шартномани бекор қилиши ҳақида маълум қилган.

"Биз сиз билан ҳамкорлик қилмоқчи эмасмиз", деб ёзган Россия ахборот ва радиоидораси раҳбари.

Россия 2012 йилда хориждан молияланадиган ноҳукумат нотижорат ташкилотларини "хорижий агент" деб рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги қонунни қабул қилган, ушбу қонунга биноан Москвадаги қатор халқаро ташкилотлар идораларига рейдлар уюштирилганди.

Ушбу қонунга биноан, хориждан молияланадиган ташкилот "хорижий агент" деб рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Шўролар давридан кўпчилик "хорижий агент" деганда жосусни назарда тутади.

СССР замонида диссидентлар ёки оддий ўзгача фикрдаги инсонлар "чет эл агенти" дея тавқилаънатланган.

Москвадаги "Мемориал" фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россия ҳукуматининг сўнгги қадамлари озодлик ва ҳурликка қарши бошлаган амалларининг кўринишидир.

Инсон ҳақлари ташкилотларига босим ўтказишда Россия Ўзбекистондан ўрнак олаяпти, дейди Баҳром Ҳамроев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ