Оврўпо парламент ассамблеяси Россиянинг Қримдаги амалларини қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпо Кенгаши Парламент Ассамблеяси Қримни қўшиб олгани учун Россия қораланган резолюция қабул қилган.

Ассамблея резолюцияси учун 154 оврўполик парламент аъзоси овоз берган.

Ҳужжатга қарши 26 овоз берилган, 14 та бетараф овоз йиғилган.

Оврўпо Кенгаши Парламент Ассамблеяси "Россия ҳарбий босқини ва бунинг ортидан Қримни қўшиб олганини кескин қоралайди. Бу халқаро ҳуқуқ меъёрлари, шу жумладан, БМТ низоми, ОБСЕ Хелсинки Акти ва Оврўпо Кенгашининг асосий тамойилларини бузишдир", дейилади резолюцияда.

"Россия ўзининг Украинадаги ҳаракатларини оқлаш учун ишлатаётган бирорта ҳам аргументи факт ва исботларга асосланмаган", дейилади Оврўпо Кенгаши ҳужжатида.

"Қримда 2014 йил 16 март куни ташкил қилинган референдум деб аталган нарса Қрим конституцияси бўйича ҳам, Украина конституцияси бўйича қонуний эмас. Бундан ташқари, хабар қилинаётган сайловчилар иштироки ва натижалар ҳақиқатга яқин кўринмайди", дейилади резолюцияда.

Парламент Ассамблеяси ҳужжатида айтилишича, Қримни Россияга қўшиш ҳаракати "Россия ҳукумати томонидан ташкиллаштирилган".

Оврўпо Кенгаши Парламент Ассамблеяси Украина янги ҳокимияти ва Украина парламентини қонуний деб эътироф этади ва улар қабул қилган қарорларни ҳам тўғри деб билади.

Оврўпо Кенгаши Парламент Ассамблеяси ушбу ташкилот таркибида Россия ҳайъатининг ваколатлари масаласини ҳам кўриб чиқиш, Россияни ассамблея сессияларида овоздан маҳрум қилишни ҳам муҳокамага қўйган.

Ассамблея мажлисидан кейин Россия ҳайъати ташкилотдан чиқиб кетиш устида бош қотираётганини маълум қилган.

Бу ҳақда Россия делегацияси раҳбари Алексей Пушков айтган.

"Биз бизни аъзоликдан чиқариб юборишни хоҳлаётган ташкилотга осилиб олмоқчи эмасмиз", деб айтган Россия ҳайъати раҳбари.