Қримнинг янги Конституцияси қабул қилинди

Қрим Давлат Кенгаши мажлисида Қримнинг янги конституцияси бир овоздан қабул қилинган.

Мажлисда иштирок этган 88 депутатнинг барчаси янги конституцияни қувватлаган.

Янги қонун матнига кўра, Қрим Россия Федерацияси таркибидаги демократик, ҳуқуқий давлат ҳисобланади ва унинг ҳудуди Россиянинг ажралмас қисми саналади.

Қрим Конституцияси лойиҳаси жуда қисқа муддатда тузилиб, Москвага тақдим қилинган ва Кремл томонидан маъқуллангани айтилганди.

Конституция лойиҳасини тайёрлаш комиссияси Давлат Кенгаши президуми томонидан 21 мартда тасдиқланган эди.

Комиссия таркибига президиум аъзолари, депутатлар, ҳуқуқшунослар, сиёсий ва тарих фанлари мутахассислари киритилган. Уларнинг орасида россиялик мутахасисларнинг борлиги маълум эмас.

Қрим депутатлари шунингдек Симферополни Путин номига ўзгартиришни таклиф қилган эдилар.

Конституция парламентнинг нашри бўлган "Крымские известия"да чоп этилгач, қонун кучга кирган ҳисобланади.

Шу ҳафта бошида Оврўпо Иттифоқи Парламент Ассамблеяси Қрим аннексиясини қоралаган, бу халқаро белгиланган қонунларга зид эканини айтган.

Пайшанба куни ОИПА Россиянинг Украинага аралашуви учун йил охиригача овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилган, шунингдек ассамблеянинг раҳбарлик органларида иштирок этиш ва сайловларни кузатишга рухсат берилмайди.

Бу қарорни ёқлаб 145 киши овоз берган, 21 қарши ва 22 бетараф қолган. Россияликлар овоз беришмаган.

Россия делегацияси норозилик белгиси сифатида ассамблея сессиясини тарк этган.

Бу мавзуда батафсилроқ