Эрон БМТдаги элчисига АҚШ визаси берилмаганидан ғазабда

Эрон Нью-Йоркдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида янги элчи этиб тайинлаган Ҳамид Абутолибийга АҚШ визаси берилмаганини қоралаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Эрон ҳукумати элчини алмаштирмаслиги ва ўз дипломатига виза бермагани учун АҚШга қарши ҳуқуқий чоралар кўришини айтмоқда.

Эронга кўра, Американинг виза сўровини рад этиши қонунга зиддир.

Америка расмийларига кўра, Ҳамид Абутолибий 1979 йилда Америка билан Эрон муносабатлари тўхтатилишига олиб келган Теҳрондаги АҚШ элчилиги ходимларини гаровга олишда иштирок этганлардан биридир.

Ўтган ҳафтада АҚШ Конгресси агар элчилик ходимлари таҳдид туғдириши эҳтимоли бўлса уларга АҚШ визаси рад этилишига рухсат берадиган қонунни қабул қилган.

Эрон Конгресснинг бу қарорини қоралаб чиққан.

Бу қонун кучга кириши учун президент имзолаши талаб қилинади.

Оқ Уй воизи Жей Карней сўзларига кўра, президент "қонун мақсадига ҳаммаслакдир".

Халқаро қонунчиликка биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг вакилларига АҚШ виза бериши керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бунгача 1998 йилда АҚШ БМТда нутқ сўзлаши керак бўлган Фаластин раҳбари Ёсир Арофатга виза бермаган, ушбу қарорни Бирлашган Миллатлар қоралаб чиққан эди.

Ҳамид Абутолибий борасидаги Америка қарорига БМТ ҳозирча муносабат билдиргани йўқ.

Эронга кўра, жаноб Абутолибий энг тажрибали дипломатларидан биридир.

Бунгача у Эроннинг Белгия, Оврўпо Иттифоқи, Италия ва Астралиядаги элчиси лавозимларида ишлаган.

Ҳамид Абутолибий 1979 йилда гаровгирлардан бири бўлмаганини айтган.

Теҳрондаги АҚШ элчихонаси Эрон исломий инқилоби пайти гаровга олинган.

Элчихонада бўлган 52 америкалик 444 кун давомида гаровда ушлаб турилган.

Жаноб Абутолибийнинг айтишича, гаровга олган талабалар кейинроқ ундан таржимон бўлишни илтимос қилганлар.

Эроннинг БМТдаги элчиси билан боғлиқ можаро Эроннинг бошқа давлатлар билан ядровий дастури борасидаги ҳамкорлиги кучайган, муносабатлар илиқлашиши кузатилган пайтда юз бермоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ