Украина: номаълум қуроллилар милиция идорасини босиб олган

Ҳарбий кийимдаги қуролланган номаълум шахслар Украина шарқидаги Славянск шаҳри милиция идорасини босиб олганлар.

Бу ҳақда Украина расмийлари хабар тарқатганлар.

Славянск милицияси хабар қилишича, камуфляждаги қуроллилар ўқ узишган, шовқин гранаталарини отганлар.

Бу шаҳар Донецк вилояти ҳудудида бўлиб, Россия чегарасига яқин жойлашган.

Славянск Донецк шаҳридан 130 километр узоқликда жойлашган.

Вилоят расмийларига кўра, қуроллилар иккита автобусда келишган ва милиция бўлимини босиб олишга ҳаракат қилишган.

Милиция идораси мудофаа қилингани, бироқ номаълум қуроллилар бино ичкарисига киришга муваффақ бўлганлари хабар қилинган.

Украинанинг муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваков номаълум қуроллиларни террорчилар деб атаган.

Ўзининг Facebookдаги саҳифасида ушбу ҳодиса ҳақида хабар қилган ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Славянскка милиция махсус кучлари юборилганини ёзган.

"Славянскка махсус кучлар юборилди. Қуролли террорчиларга - ноль сабр-тоқат", деб ёзган Арсен Аваков.

Ушбу ҳодиса Россия Украина чегарасида ўзининг кўп сондаги қўшинини тўплагани ҳақида хабарлар пайдо бўлган пайтда юз бермоқда.

Икки кун олдин НАТО март ойи охири-апрел бошларида тасвирга олинган фотосурат ва хариталарни эълон қилди.

Суратларда Украина чегарасига яқин Россия ҳудудида танклар ва қирувчи учоқлар турганини кўриш мумкин.

НАТО Россия 40 мингтача аскарини Украина чегарасига жамлаган, дейди.

Россия буни рад этиб келади.

Россияпараст намойишчилар бутун шарқий Украинада давлат идораларини босиб олиб туришипти.

Украина муваққат ҳукуматига кўра, шарқий Украинадаги ҳодисаларни Москва бошқариб турипти.