Қуддусда Исроил полицияси ва фаластинликлар тўқнашган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исроил полицияси Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида юз берган тўқнашувдан кейин бир неча фаластинликни ҳибсга олган.

Бунга Исроил полициясининг Ал-Ақсо масжидига мусулмон бўлмаган кишиларни кириши учун дарвозани очгани сабаб бўлган.

Ғазабланган фаластинликлар полицияга қарата тош ва ёқилғи солинган шиша идишлар отишган.

Бунга жавобан полиция ғазабланган мусулмон оломонни тарқатиш учун полиция кўздан ёш оқизадиган газ ва шовқин соладиган гранаталар қўллаган.

Полициянинг айтишича, икки хавфсизлик ходими енгил яраланган.

Ал-Ақсо масжиди

Ал-Ақсо масжидига мусулмон бўлмаганларнинг кириши қатъий тақиқланади. Ушбу масжид Муҳаммад Пайғамбар номлари билан боғлиқ бўлиб, Исломда Маккадан Қуддусга сафари ва Меърожга шу ердан кўтарилиши ҳақида айтилади.

Шу боисдан Ал-Ақсо масжиди Ислом оламида Маккадаги Ал-Ҳарам ва Мадинадаги Пайғамбар масжидидан сўнг учинчи муқаддас жой саналади.

Масжидда бир вақтнинг ўзида беш минггача киши намоз ўқиши мумкин.

Айни пайтда Қуддуснинг Эски шаҳар қисми Исроилга қарашли бўлса ҳам, 1994 йилда Исроил ва Иордания давлатлари ўртасидаги шартномага кўра, Қуддусдаги мусулмонларнинг барча муқаддас жойлари Иордания назоратида ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ