Украина шарқида махсус амалиёт бошлаш ҳақидаги фармон имзоланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Махсус амалиёт ўтказиш бўйича штабга шахсан Турчиновнинг ўзи раҳбарлик қилади

Украинанинг муваққат Президенти Олександр Турчинов мамлакат шарқида махсус амалиёт бошлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Фармон "Террорчилик хавфини бартараф этиш ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини сақлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар тўғрисида" деб номланади.

Фармоннинг бажарилишини назорат қилиш Хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Андрей Парубийга юклатилган.

РИА Новости агентлигининг ўз манбаъсига таяниб хабар қилишича, махсус амалиёт ўтказиш бўйича штабга шахсан Турчиновнинг ўзи раҳбарлик қилади.

13 апрел куни Турчинов аксилтеррор амалиётига Украина Қуролли кучлари жалб қилинишини айтган.

Айни пайтда Украина БМТга мамлакат шарқидаги амалиётларда иштирок этишни таклиф қилган.

Бу ҳақда Украинанинг муваққат президенти Олександр Турчинов Бирлашган Миллатлар Бош Котиби Пан Ги Мун билан телефон мулоқотидан сўнг маълум қилган.

Путин 'хавотир'да

Россия Президентининг матбуот котибига кўра, Украина шарқида яшовчи аҳолидан Владимир Путинга кўплаб мурожаатлар келиб тушган.

"Владимир Путин Украинанинг шарқий минтақаларидаги вазиятни катта хавотир билан кузатмоқда. Шахсан Путинга у ёки бу кўринишда ёрдам бериш, у ё бу шаклда вазиятга аралашиш сўралган кўплаб мурожаатлар келмоқда", - деб айтган Дмитрий Песков.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин Украина шарқидаги воқеаларни 'хавотир билан кузатаётгани' билдирилган

Рейтер агентлигининг хабар беришича, душанба куни ўзини "Донецк Халқ Республикаси"нинг бир қисми деб атаган россияпараст фаоллар Путинга мурожаат йўллаб, ўзларини "миллатчи кучлар"дан ҳимоя қилишини сўрашган.

Душанба куни Украина шарқида маъмурий биноларни босиб олиш ва норозилик чиқишлари давом этган.

Россияпараст жангариларга ўзлари эгаллаб турган ҳокимият биноларини тарк этиш учун берилган муҳлатга қарамай, қуролли оломон Донецк яқинидаги Горловка шаҳар ички ишлар бошқармаси биносини заб этган.

Украинанинг муваққат президенти Россиянинг "тажовузи"ни қоралаган, аммо шу билан бирга умумхалқ референдуми ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган.

Олександр Турчинов Киев россияпараст намойишчиларнинг асосий талаби бўлган мамлакатнинг келажаги борасидаги овоз беришга қарши эмаслигини айтган.

Жаноб Турчинов шунингдек, Украина Славянск ва бошқа шаҳарлардаги ҳокимият биноларини эгаллаб турган қуроллиларга қарши "йирик аксилтеррор амалиёти" ҳозирлаётганини айтган.

Аммо жангариларга берилган муҳлат аллақачон тугаб кетганига қарамай, амалиётлар бошланмаган.

Мухбирларга кўра, украинлар жаноб Турчинов россияпараст гуруҳларга қарши куч ишлатиш таҳдидини амалга ошира оладими, йўқми, кутиб туришибди.

'Бўлгинчилик амалиёти'

Душанба куни эрталаб Украина шарқидаги ҳокимият биноларини эгаллаб турган россияпараст ишғолчиларга берилган муҳлат тугаган.

Украинанинг муваққат президенти агар бинолар маҳаллий вақт билан соат 9 га қадар бўшатилмаса, ишғолчиларга қарши ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ҳақида огоҳлантирган.

Аммо мухбирларга кўра, ҳанузгача Славянскдаги ишғол қилинган милиция идораси узра Россия байроғи ҳилпирамоқда.

Якшанба куни шаҳар четида россияпараст қуроллилар билан юз берган тўқнашувларда камида бир украин зобити ҳалок бўлган.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда мажлисида Россия Украинани мамлакат шарқидаги намойишчиларга қарши куч ишлатмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Россиянинг Бирлашган Миллатлардаги элчиси Виталий Чуркин украин ҳукуматини "ҳақиқий мулоқотни бошлаш"га чақирган.

Аммо Украина элчиси Юрий Сергеев ўз мамлакати шарқидаги инқироз Москва томонидан сунъий равишда яратилганини айтган.

Душанба куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги "бўлгинчилик амалиёти" ортида Россия махсус кучлари турганига доир далилларга эга эканини айтган.

Украин томони ушбу далилларни шу ҳафта охирида Женевада ўтиши кутилаётган анжуманда намойиш этмоқчи.

Расмий Киев Славянск ва бошқа шаҳарлардаги қуроллилар ўзлари эгаллаб турган ҳокимият биноларини тарк этмагани тақдирда ҳарбий куч қўллашини айтган.

Image caption Исёнчилар шаҳарни баррикадалар билан ўраб олган

Якшанба куни муваққат Президент Олександр Турчинов биноларни ишғол қилган қуроллиларга қарши "кенг миқёсдаги аксилтеррор амалиёти" ўтказилишини айтган.

Би-би-сининг Донецкдаги мухбири Даниэл Сандфордга кўра, душанба Украина учун ҳал қилувчи кун бўлиши мумкин.

Аммо шу билан бирга мухбиримизнинг илова қилишича, ўтмишда бу каби муҳлатлар кўплаб берилган ва натижасиз тугаган.

Киевдаги янги маъмурият Украина шарқида ўз таъсирини ўрнатишга қийналмоқда.

Ўтган дам олиш кунлари қатор шаҳарлар россияпараст қуроллилар қўлига ўтган.

Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида исёнчилар баррикадалар қуриб, шаҳарга кириш йўлларида назорат - ўтиш нуқталарини ўрнатишган.

Гарчи Киев Славянскда назоратни қайта ўрнатишини айтган эса-да, йирик миқёсдаги ҳарбий ҳаракат бошлангудек бўлса, чегара яқинида минглаб қўшинлари билан шай турган Россия ҳаракатга кечиши мумкин.

Муваққат Президент Турчинов ўтган ой Россияга қўшиб олинган Қримдаги ҳодисаларнинг Украина шарқида такрорланишига йўл қўймаслигини айтган.

Украина шарқида катта сондаги русийзабон аҳоли истиқомат қилади.

Шу йил февралида Украинанинг россияпараст президенти Виктор Янукович ҳокимиятдан ағдарилганидан буён шарқий вилоятларда норозилик намойишлари давом этиб келади.