Украина мамлакат шарқига қўшин киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Simon Ostrovsky

Украина қўшинлари Краматорск шаҳрида аҳолининг қаршилигига дуч келган.

Ҳозирда қўшинларнинг шаҳарни назорат қилиб-қилмаётгани номаълум.

Айни пайтда Донецк шаҳрида россияпараст қуроллилар шаҳар ҳокимининг идорасини босиб олишган.

Украинанинг муваққат Бош вазири Арсений Яценюк Россия янги "Берлин девори" қуришга уринаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Телевидение орқали мурожаатида жаноб Яценюк Россияни "Украинадаги террорчиларни дастаклашни тўхтатиш"га чақирган.

Сешанба куни Украина кучлари Краматорск шаҳри ташқарисидаги аэропортни қайтариб олган.

Чоршанба куни эрталаб эса шаҳар марказида зирҳли автоуловларни кўриш мумкин эди.

Кейинроқ Россия байроқлари тикилган бронетехника бораётгани акс этган видеотасвирлар пайдо бўлган.

Уларнинг Краматорск - Славянск йўналишида бораётгани хабар қилинган.

Ушбу ҳарбий машиналарнинг россияпараст оломон қўлига ўтган Украина техникаси экани тахмин қилинмоқда.

6 апрелдан буён россияпараст қуроллилар қўлида қолаётган Донецк шаҳрида эса оломон шаҳар ҳокими биносини ҳеч қандай қаршиликсиз босиб олган.

Франс-Пресс агентлиги мухбири билан суҳбатда қуроллилар уларнинг ягона мақсади Украинани федерал давлатга айлантириш бўйича референдум ўтказиш эканини айтишган.

'Фуқаролар уруши'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин ва Меркелнинг Украина инқирози борасидаги қарашлари турлича

Олмония канцлери Ангела Меркел билан телефон мулоқотида Россия Президенти Владимир Путин Украина "фуқаролар уруши ёқасида" тургани ҳақида огоҳлантирган.

Кремлнинг билдиришича, мулоқот чоғида ҳар икки раҳбар пайшанба куни Россия, Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва Украина ўртасида ўтиши режаланган тўрт томонлама музокараларнинг "муҳимлигини урғулаганлар".

Аммо шу билан бирга Украина ва ғарб мулозимлари Россияни Украина шарқидаги россияпарастларни дастаклаётганликда айблашган.

Москва тартибсизликларни келтириб чиқариш ҳақидаги айбларни рад этади.

Украинанинг террорга қарши кураш бўйича масъул мулозими генерал Васил Крутов қуролли шахслар Украина чегарасини кесиб ўтганини айтган.

"Интерфакс-Украина" агентлигининг иқтибос келтиришича, украин генерали "бизнинг қаршимизда жуда жиддий, юқори малакали ва профессионал душман турибди", деб айтган.

"Бу одамлар дунёнинг қайноқ нуқталарида бўлиб келганига шубҳа йўқ", деган украин мулозими.

Кремл Украинанинг аксилтеррор амалиётини "тинч намойишларга қарши аксилконституциявий куч ишлатиш" дея қоралаган.

Россияпараст исёнчилар Украина шарқидаги 10 шаҳарда ҳокимият биноларини босиб олиши ортидан танглик кучайган.