Украина радаси ниҳоят Қрим татарлари ҳуқуқларини тикловчи қонунни қабул қилди

  • 17 Апрел 2014

Украина парламенти депутатлари "Миллати туфайли депортация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини қайта тиклаш" номли қонунни қабул қилганлар. Қонун муаллиф Украина парламенти депутати, Қрим татарлари миллий ҳаракатининг тан олинган раҳбари Мустафо Жамил ўғлидир.

Қонунни ёқлаб Раданинг 238 нафар аъзоси овоз берган.

Қонун муҳокамаси чоғида депутатлар мазкур қонун авваламбор Қрим татарларининг ҳуқуқларига тааллуқли эканини таъкидладилар.

Унга биноан, миллати туфайли сургун қилинган шахслар мақоми ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича давлат кафолатлари белгиланади.

Қонунда айтилишича, депортацияга учраган шахс дея Украина фуқаролигини олган ва СССР ёки Иттифоқ республикалари давлат ҳокимияти органлари қарори билан бугунги Украина ҳудуди ҳисобланган ерлардаги доимий яшаш жойидан мажбуран кўчирилган Қрим татарлари миллатига мансуб шахслар ва собиқ СССР фуқаролари бўлган бошқа миллатлар аҳолиси тан олинади.

Депортация қилинган шахслар сирасига, шунингдек, қонунга биноан, ҳарбий хизматни ўтаб қайтиши, эвакуация, мажбурий меҳнат ва жазо ўташ муассасаларидан қайтгач ўз оила аъзоларига қўшилиш учун махсус посёлкаларга мажбуран кўчирилган собиқ СССР фуқаролари киради.

Сургун қилинган шахсларнинг доимий яшаш жойларидан кўчирилишлари ортидан ва мазкур қонун амалга киргунига қадар туғилган фарзандлари ҳам депортация қилинган шахслар ҳисобланади.

Қрим татарлари Қримга 1980-йилларда қайта бошлаганлар. Ҳозирда халқаро ҳамжамият томонидан ноқонуний дея қораланган референдум ортидан Россия таркибига қўшилган Қримнинг 12 фоиз аҳолиси Қрим татарларидир.

2004 йилда Украина радаси Қрим татарларининг ҳуқуқларини тиклаш бўйича қонунни қабул қилганди, бироқ собиқ Президент Леонид Кучма унга қарши вето овозини қўйган.

2012 йилда масала яна Радада муҳокама қилинган, бироқ қабул қилинмаган.

Қрим татарларининг мажлиси, Қурултой, 1991 йилда барпо этилиши ортидан депортация қилинган татарларнинг ҳуқуқларининг тикланиши, уларга товон тўланиши ва ер ажратилиши учун курашиб келади.

Your contact details
Disclaimer