Путин Қримда Россия армияси бўлганини тан олди

  • 17 Апрел 2014
Image copyright RIA Novosti
Image caption Путин шу кунгача Қримда Россия қўшинлари бўлганини рад этиб келаётганди

Президент Владимир Путин пайшанбада ўтган жонли алоқада Қрим ишғолида Россия қўшинлари иштирок этганини тан олди. Унинг айтишича, Россия ҳарбийлари референдум бўлиб ўтишини таъминлаш учун "Қрим мудофа кучларининг ортида таянч бўлиб турганлар".

"Мен буни яширмаганман, бизнинг вазифамиз қримликлар ўз хоҳиш-истакларини эркин изҳор қилишлари учун шароитни яратиб бериш эди. Биз ҳозирда Украина шарқида юзага келган вазият ва миллатчиларнинг қуролли отрядлари юзага келишининг олдини олдик... Шундай экан, Қрим мудофаси кучлари ортида, албатта, бизнинг ҳарбийларимиз туришганди", - деди Путин Қримдаги "яшил одамчалар" ким бўлгани борасидаги саволга жавоб бера туриб.

Путиннинг қўшимча қилишича, Қримда 20 мингдан ошиқ украин ҳарбийлари ва жуда кўп миқдорда қурол-аслаҳа бор эди. "Кимдир бу қуролларни оддий фуқароларга қарши ишлатишига йўл қўймаслигимиз лозим эди", - деди у.

Жонли телевизион алоқанинг илк бир соати фақат Қрим мавзуси билан ўтди. Путинга Симферополь ва Севастополда йиғилган қримликлар савол беришган. Савол берганлардан бири Путинга Қримни Россияга қўшиб олгани учун миннатдорчилик билдирар экан, залда йиғилганлар "Раҳмат" дея баралла қичқира бошлаганлар.

"Шарқда Россия ҳарбийлари йўқ"

Жонли алоқада Украинадаги вазият, ҳамда Украина шарқидаги воқеалар ҳам муҳокама қилинди.

Путин Донецк ва Луганск вилоятларида Россия ҳарбийлари йўқлигини айтди.

"Бу ҳаммаси сафсата - Украина шарқида ҳеч қандай Россия ҳарбийлари йўқ... Бу маҳаллий фуқаролар", - деди Путин.

Украина ҳукумати мамлакат шарқидаги маъмурий биноларнинг ишғолига Россия разведкасининг махсус қўшинлари раҳбарлик қилаётганини суратлар, видео, ва телефон суҳбатлари ёзувлари билан исботлашган.

Image copyright Reuters
Image caption Мариуполда қатор Россияпараст ҳужумчилар қўлга олинган

Бу ғалаёнларни Украина ҳукумати куч билан бостиришга уринаётганини Путин "жиноят" дея қоралади.

"Шунчага бориб етдики, тинч аҳолига қарши танклар ва авиацияни қўллашди. Бу Киевдаги ҳукуматнинг яна бир жиддий жинояти", - деди Россия президенти.

Мариуполдаги ҳужум

Украина жануби-шарқидаги Мариуполь шаҳрида жойлашган 3057-сонли украин ҳарбий қисмига чоршанба оқшомида қуролли кишилар ҳужум қилганлар.

Украина Ички ишлар вазири Арсен Аваков ўзининг Фейсбук саҳифасида қуйидагини маълум қилди: "Илк маълумотларга кўра, ҳужум қилганлар орасида уч киши ҳалок бўлган, 13 нафари яраланган, 63 нафари қўлга олинган. Қуроллар тортиб олинди. Алоқа воситалари ва телефонлари Россия мобил ширкатлариники. Қўлга олинган ҳужумчилар шахси аниқланмоқда".

Вазирнинг айтишича, ҳужумда 300 нафарча одам қатнашган ва "ҳарбий қисмга ёнувчи фугаслар ва Молотов коктейлларини отиб, постларга ўт очганлар".

Аваковга кўра, ИИВнинг махсус бўлими зобитлари қуролли гуруҳлардан бирининг изидан тушган, кўчаларда милиция патруллари жойлаштирилган.

Маҳаллий матбуот хабар қилишича, ниқоб кийиб олган бир гуруҳ кишилар ҳарбий бўлимга микроавтобусда келган.

Ҳужумчилар бўлимдаги аскарлардан қуролларини топширишни талаб қилганлар. Бу талаб рад этилгач, улар дарвозани бузишга уринганлар, сўнгра ёқилғи солинган шишаларни ичкарига отиб, бўлимга киришга муваффақ бўлишган.

Мариуполь шаҳри сайтида ёзилишича, жароҳат олганлар орасида бўлим ёнидан ўтаётган оддий йўловчилар ҳам бор.

Ҳарбий-сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Дмитрий Тымчук ўз Фейсбук саҳифасида ёзишича, украин ҳарбийлари қуроллардан ўт очиб икки ҳужумни қайтаришга муваффақ бўлганлар.

"Бизга маълум бўлишича, бу Россия аскарлари эмас, балки ҳарбий тайёргарликдан ўтган маҳаллий сепаратист жангарилар. Улар белгисиз устбошларни кийиб олганлар", - деб ёзади Тымчук.

Your contact details
Disclaimer