АҚШ Украина юзасидан Россияга босимни оширди

  • 19 Апрел 2014

Қўшма Штатлар агар Россия Украина инқирозини юмшатишга оид янги халқаро келишувга риоя қилмаса, жазо чораларини кучайтириш билан таҳдид қилган.

Кремл эса, Оқ Уйни Москвага нисбатан "гуноҳкор мактаб ўқувчиси"дек қараётганликда айблаган.

Айни пайтда Украина Ташқи ишлар вазирига кўра, мамлакат шарқидаги "аксил-террор" амалиётлар Пасха диний байрами муносабати билан тўхтатиб турилади.

Қатор шаҳарлардаги россияпараст бўлгинчилар битимнинг асосий шарти - давлат биноларини тарк этишдан бош тортишмоқда.

Россия, Украина, Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Женавадаги музокаралар чоғи Украинадаги ноқонуний жангари гуруҳлар тарқатиб юборилиши ва ҳукумат биноларига ўрнашиб олганлар қуролсизлантиришига келишгандилар.

Шу билан бирга томонлар аксилҳукумат намойишчилар барчасини авф этишга қарор қилишган.

Бироқ, Донецк шаҳридаги бўлгинчилар воизи Киев ҳукумати "ноқонуний" экани, улар иқтидордан кетмагунга қадар кетмасликларини айтган.

Улар, шунингдек, аввало Москванинг иттифоқчиси - президент Виктор Януковични ағдарган оврўпопараст намойишчилар Киев Майданидаги чодирларини йиғиштириб, у ерни тарк этишлари кераклигини таъкидлашган.

Янги жазо чоралари

Пайшанба кунги келишувни эҳтиёткорлик билан хушқаршилаган Оқ Уй Россияга босимини кучайтирмоқда. АҚШ Москвани Украина шарқида жойлашган шаҳарлардаги ҳукумат биноларини эгаллаб олган бўлгинчиларга таъсир ўтказишини истайди.

Жума куни Қўшма Штатлар Миллий хавфсизлик масалалари бўйича Сюзан Райс агар Москва келишувга амал қилмаса, "Россия иқтисодининг ўта муҳим секторлари"ни нишонга олувчи янги жазо чоралари кўрилиши юзасидан огоҳлантирган.

"Россия шарқий Украинада беқарорликни юзага келтириш амалиётларига бош қўшаётганларга нисбатан катта таъсирга эга эканига ишонамиз", деб айтган Райс хоним Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

"Агар Россиянинг кеча (пайшанба куни) Женевада айтганларига мос ҳаракатини кўрмасак... биз ва Оврўподаги ҳамкорларимиз Россияга қўшимча чиқимларни жорий этишга ҳозирмиз".

Сюзан Райсга кўра, кейинги нишон Россия раҳбариятининг яқин ҳамкорлари бўлади.

Жума куни Қўшма Штатлар Давлат котиби Жон Керри россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан қўнғироқлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ