Россия Украина шарқидаги қотилликдан "ғазабланган"

Россия ташқи ишлар вазири Украина шарқида Россияпараст фаолларнинг отиб ўлдирилишидан ғазабда эканини билдирган. Вазирлик қотилликни украин миллатчилари амалга оширганини даъво қилди.

Россия давлат телевидениеси Славянск шаҳри яқинидаги назорат нутқасига қилинган ҳужумда беш киши ўлганини хабар қилган.

Украина расмийлари "икки гуруҳ фуқаролар" ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувда бир киши ҳалок бўлганини айтган.

Мазкур ҳодиса Россияпараст гуруҳлар, пайшанба куни эришилган битимга бўйсунмай, маъмурият биноларини эгаллаб турган бир вақтда юз бераяпти.

Киевда Оврўпода Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилотининг махсус миссиясига бошчилик қилаётган Эртўғрул Апақан ўз муовини ишғолчиларни бинолардан чиқишга кўндириш учун Донецкка боришини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия, Украина, Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ пайшанба куни Женевада ўтган музокараларда Украинадаги ҳарбий гуруҳлар қуролсизлантирилиб, ишғол қилинган ҳукумат идоралари бўшатилишига келишгандилар.

Бироқ, Донецкдаги бўлгинчилар воизи Киевдаги ҳукуматни "ноқонуний" дея, у истеъфо бермагунча, биноларда қолишларини айтган.

"Истак йўқ"

Россия телевидениеси гўёки Россияпараст текширув нуқтасига тунда қилинган ҳужум ортидан юзага келган ҳолат ва устига чойшаб ёпилган жасадни намойиш қилган.

Би-би-си кадрларнинг ҳаққонийлигини текшира олмайди. Бироқ, воқеа жойида бўлган Рейтерс журналисти юк машинасида икки жасадни кўрганини билдирди.

Рейтерснинг кундуз куни олинган телелавҳасида бир қатор ёниб кетган машиналар кўринади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия ташқи ишлар вазирлиги ҳужум ортида ўта ўнг қанот Ўнг Сектор гуруҳи турганини даъво қилди. Тасдиқланмаган телекадрларда Ўнг Секторнинг раҳбари Дмитро Ярошнинг бизнес картаси кўрсатилган.

"Россия қуролли кишиларнинг провокациясидан норози. Бу яна бир бор Киевдаги ҳукуматнинг миллатчилар ва экстремистларни қуролсизлантириш истаги йўқлигидан далолат беради", - дейилади баёнотда.

Ўнг Сектор ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Славянскдаги воқеаларга мутлақо алоқаси йўқлиги ва мазкур ҳодисада Россия Федерал Хавфсизлик Хизматининг қўли борлигига ишоралар кўзга ташланганини айтди.

Украина ички ишлар вазирлиги ҳодиса тафсилотлари текширилаётгани, бир одам ҳалок бўлгани ва яна уч нафари ўқ жароҳатлари билан шифохонага ётқизилганини маълум қилди.

Славянскдаги Россияпараст исёнчи раҳбар ва ўзини ҳоким дея эълон қилган Вячеслав Пономарёв Россия Президенти Владимир Путиндан тинчликни сақлаш кучларини юборишни сўраган.

Your contact details
Disclaimer