Жанубий Корея: Чўкканларнинг ғазабнок яқинлари полиция билан тўқнашди

Жанубий Кореяда чўккан кема йўловчиларининг яқинлари қутқарув ишларидан норозилик билдириб ғазабнок намойиш уюштирганлар.

Полиция Жиндо оролидан чиқиб пойтахт Сеул томон юришга отланган 100га яқин одамни тўхтатди.

Уч кунлик уринишлар ортидан ғаввослар ниҳоят кемага кириб боришга муваффақ бўлганлар ва 22 жасадни олиб чиққанлар. Қурбонлар сони бу билан 54га етди.

Бироқ, чоршанба куни чўккан бу кемада бўлган 248 киши ҳали ҳам бедарак қолишмоқда. 174 йўловчи қутқариб олинганди.

Севол кемаси чўкканидан бери йўловчиларнинг кўп яқинлари мамлакат жануби-ғарбидаги Жиндо оролига йиғилганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Юзлаб қариндошлар қутқарув амалиёти натижаларини кутиб оролдаги спортзалда тунларни ўтказишмоқда.

Бедарак қолаётганларнинг баъзи қариндошлари Сеулдаги Кўк Уй сари юришга отланиб кўприкдан ўтишга уринганларида полиция уларни тўхтатишга уринган ва ўзаро муштлашув келиб чиққан.

"Боламни жасадини беринглар, мен унинг юзини кўриб, қучоғимга босай!" - деб қичқирди аёллардан бири.

Бедарак қолаётган 17 ёшли Ли Юнг-иннинг отаси Ли Уон-гюн: "Биз масъул шахс нима учун унинг буйруқлари бажарилмаётгани ва нима учун ҳеч нима қилинмаётганини изоҳлаб беришини истаймиз. Улар ғирт ёлғон гапиришаяпти ва жавобгарликни бошқаларга юклашга уринишаяпти", - деди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қариндошлар жасадлар чиришни бошлашидан аввал кемадан чиқариб олинишини истайдилар.

Би-би-сининг воқеа жойида бўлган мухбири Жонатан Ҳедга кўра, ҳукумат мазкур ҳодиса сиёсий масалага айланиб ҳукуматга шикаст етказишидан хавотир олмоқда. Ҳатто бош вазир ҳам намойишчиларни пойтахтга юриш шаштидан қайтариш нияти билан келганида, намойишчилар унга ҳамла қилганлар.

Your contact details
Disclaimer