Россия Ташқи ишлар вазири Украина ҳукуматини Женева битимини бузишда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сергей Лавровга кўра, Украинадаги қонунсизликларни чек қўйиш ҳақидаги чақириқлар Россияни "мураккаб аҳволга солган"

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров украин расмийларини ўтган ҳафта Украина инқирозини ҳал этиш мақсадида эришилган Женева битимини бузишда айблаган.

Жаноб Лавров айтишича, Киев ноқонуний ҳарбий гуруҳлар, хусусан, миллатчи "Ўнг Қанот" гуруҳи аъзолари қуролсизлантириш ваъдасини бажармаган.

Жаноб Лавровга кўра, Славянскдаги ҳалокатли отишма Киев экстремистларни назорат қилолмаётганидан далолатдир.

Унинг таъкидлашича, ўтган ҳафта Женевада эришилган тўрт томонлама битим шартларини бажариш учун муҳлат белгиланмаган, аммо чоралар тезлик билан кўрилиши керак.

"Битимда ноқонуний қуролли гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш, уларни қуролсизлантириш, экстремизмнинг ҳар қандай кўриниши, диний тоқатсизликнинг олдини олиш, сиёсий маҳбуслар, намойишлар қатнашчиларига амнистия қўллаш ва конституциявий мулоқотни бошлаш сингари бандлар бор. Аммо, асосийси, зўравонликларга йўл қўймаслик. Бу Женева битимининг биринчи бандидир. Аммо Киевдаги ҳокимият бу талабларни нафақат бажармаяпти, балки қўпол равишда бузаяпти", - деб айтган Россия ташқи ишлар вазири.

Жаноб Лавровга кўра, Россияга Украина жануби-шарқидаги қонунсизликларга чек қўйиш чақириқлари янграмоқда ва Россия бу чақириқлар боис ҳозирда "мураккаб аҳволда қолган".

"Украина шарқидаги Славянск, Мариупол ва бошқа жойларда ниқоб кийиб олган ва мутлақ шафқатсизлик билан ҳаракат қилаётган жангариларнинг ҳужумлари давом этаяпти. Ва Россияга бу қонунчизликлардан қутқариш чақириқлари борган сайи кучаймоқда. Бизни жуда ҳам мураккаб аҳволга қўйишмоқда", - дея Сергей Лавровдан иқтибос келтиради Риа новости агентлиги.

Якшанбага ўтар кечаси россияпаратс кучлар назорати остидаги Донецк вилоятининг Славянск шаҳрида юз берган ҳодиса тафсилотлари қоронғулигича қолмоқда.

Украина ҳукумати ва россияпараст кучларга яқин манбалар турлича фаразларни илгари сурмоқда.

Украина ички ишлар вазирлиги Славянск шаҳрига киришдаги назорат ўтиш нуқтасида юз берган отишмада уч киши ҳалок бўлган ва яна уч киши яраланганини билдирган.

Жароҳат олганлардан икки нафари шифохонага ётқизилган.

Ҳужумчилар берган талофатлар борасида ҳеч нарса маълум эмас.

Россия ташқи ишлар вазирлиги эса ҳодиса ортида Украинадаги миллатчи "Ўнг қанот" фаоллар турганини даъво қилган.

Аммо "Ўнг қанот" фаоллари Би-би-си билан суҳбатда ҳодисага мутлақо алоқалари йўқлигини айтганлар.

Уларга кўра, Славянскда юз берган ҳодиса Россия махсус хизматларининг "иғвогарона ҳаракатидан бошқа нарса эмас".

Украина Ташқи ишлар вазирлиги Москвада ўтирган дипломатлар Славянскдаги ҳодиса юзасидан расмий ахборотга эга бўлмай туриб, ўз айбловларини худди исботлангандек илгари сураётганларидан таажжуб изҳор қилган.

Журналистлар ҳодиса туширилган видеотасвирларда саҳналаштириш унсурлари борлиги, жумладан, унда "Ўнг қанот" раҳбари Дмитрий Ярошнинг ташриф қоғози намойиш этилганига эътибор қаратишган.

Айни пайтда Украина муваққат президенти Олександр Турчинов президент Путиннинг мақсади "мустақил Украинани қўй қилиш" эканини айтган.

"Путин Украинадан қўрқади, чунки Украина кўпгина собиқ Совет давлатлари учун бир намуна. Одамлар қандай ҳокимият исташларини ўзлари ҳал қилишларининг бир намунаси. Бизда одамлар ўзлари ҳокимиятни ўзгартиришди ва "бюджет охури"дан ем еб ётган текинтомоқларни йўқотдилар", - деб айтган жаноб Турчинов.

Айни пайтда Украинанинг муваққат бош вазири Арсений Яценюк президент Путиннинг мақсади "СССРни қайта тиклаш" эканини айтган.

"Президент Путин Совет Иттифоқини тиклашни орзу қилади. У ҳар куни бу йўлда бир қадам ташламоқда. Унинг қаергача бориши ёлғиз Худога аён", - деб айтган жаноб Яценюк шанба куни Американинг NBC телеканали билан бўлган суҳбатида.