Саудия Арабистони: Коронавирус яна икки кишининг умрига зомин бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Саудия Арабистонидаги иккинчи йирик шаҳар Жиддада коронавирус- Яқин Шарқ Респиратор Синдромини юқтирган икки киши ўлган. Шу пайтгача ушбу вирус оқибатида ўлганлар сони 76 тага етган.

Жидда Саудиянинг ғарбий қирғоғида жойлашган бўлиб, вирусологлар касаллик дастлаб тарқалган шарқий ҳудуд чегарасидан ошганидан хавотир билдирмоқдалар.

Вирус учун вакциналар ҳозиргача олинмаган.

Охирги олти кун ичида мамлакатда касалликни юқтирган яна 50 киши рўйхатга олингани хабар қилинади.

Касалликни юқтирган беморларга қарашдан бош тортган бир нечта шифокор ишдан бўшатилган.

Яқинлашаётган Рамазон ойи арафасида, Саудия Арабистонида МЭРС вирусини юқтирганлар кўпайиб бораётгани мутахассисларни хавотирга солмоқда.

Бир қанча мамлакатларда, жумладан Россияда ўтган йили Саудия Арабистонига ҳаж сафарига бормаслик сўралган эди.

Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, 2012 йил сентябр ойида касаллик юқтирилгани ҳақидаги 153 ҳолат аниқланган.

Мутахасислар айни касаллик олдин тахмин қилинганидек одамга туядан ўтгани ёки йўқлиги борасида бир фикрга келишга қийналмоқдалар.

Шу билан бирга шифокорлар вирусни ўта хатарлилар жумласига киритмаганлар. Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилотига кўра, Коронавирус хасталиги ҳали унча яхши ўрганилмаган.

Халқаро ташкилот барча мамлакатларни нафас йўллари инфекциясини юқтириш ҳолларига жуда эътиборли бўлишни ва ҳар қандай ноодатий ҳолатлар ҳақида ўзларини хабардор этишни сўраган.

Бу хасталик кўпинча юқори нафас йўлларига юқади.

Шунингдек, болаларнинг бронх йўллари ва ўпкасига юққани ҳолатлари аниқланган.

Мутахасисларга кўра, бу вирус коронавируслар оиласига мансуб вирусларга хос хусусиятларга эга, яъни бу хасталик шамоллаш ёки нафас йўллари яллиғланишига ўхшаш кечади. Бироқ ҳозирча бу вирус инсонларга қандай йўл билан юқиши аниқ эмас. Шунингдек, бу вирус кўп ҳам тезлик билан тарқалмаслиги кузатилган. Аммо қандай ўтиш йўллари ҳали ҳам номаълум қолаяпти.

Бу мавзуда батафсилроқ