Қрим татарлари раҳбарига Қримга кириш ман қилинди

Қрим татарлари халқ раҳбари Мустафо Джемилевнинг Қримга кириши тақиқланган. Қрим татарлари Мажлиси бу ҳақида ўз вебсайтида маълум қилди.

Қримда аҳолининг 12 фоизини ташкил этувчи 300 минг татарлар раҳбари бўлган жаноб Джемилев Қримнинг Россияга қўшиб олинишини қоралаб келаётганди. У Қримнинг Украинадан ажралиб чиқиши борасидаги референдумни тан олмаган.

Душанба куни эса Қримдаги Мажлис биносига ҳужум уюштирилган ва у ердаги Украина байроғи юлиб ташланган.

Айни дамда Россия Президенти Владимир Путин Қрим татарлари ҳуқуқларини тиклаш бўйича душанба куни фармонга имзо чеккан.

Би-би-си Мажлис воизи Лилия Муслимовадан охирги воқеалар тафсилотини сўради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Мажлис аъзолари Россия байроғини яна юлиб ташлашган

Муслимова: Бугун, 22 апрель куни, эрталаб Мустафо Джемилев Қримдан Киев сари отланди, Қримдан чиқишдаги чегара постида чегара посбонлари олдида Мустафо Джемилевга ҳарбий камуфляж кийимида бўлган ва автоматик қуроллари бўлган шахслар яқинлашиб, билдириш актини ўқиб эшиттирганлар. Бу актга биноан, Мустафо Джемилевга, хорижий фуқаро ва Украина фуқароси сифатида, федерал қонунларининг маълум моддасига кўра, Россия худудига 2019 йилнинг 19 апрелигача кириш ман этилади. Яъни, бу унинг Қрим ҳудудига беш йил давомида кириши тақиқланади, дегани. Бу актни унга Россия Федерациясининг чегара қўшинлари кўзи олдида, ўзини таништирмаган номаълум шахслар ўқиб беришган. Чегарачилар у кишиларни тўхтатишга ҳам уринмаганлар. Мустафо Джемилев улардан актни унга топширишларини илтимос қилган, лекин улар унинг илтимосини рад қилишган. Охири барибир бу актни олишга муваффақ бўлдик. Ҳозир Мустафо Джемилев Киевга йўл олган.

Би-би-си: Кеча Қрим татарлари Мажлиси биносига ҳужум қилингани айтилади. Ким эди бу ҳужумчилар ва у қандай юз берди?

Муслимова: Кеча, 21 апрель куни, эрталабки соат 11да, Қрим татар халқининг Мажлиси идораси олдига ҳарбий камуфляж кийимида бўлган одамлар билан тўла бир автобус келди. Бу забардаст эркаклар Мажлис олдига нарвон қўйиб, бино тепасида ўрнатилган Украина байроғини ечиб олишди. Бу вақтда бинода фақат учта аёл бор эдик, биз аёл бўла туриб, уларни тўхтатишга уринганимизда, бизга қарши жисмоний куч ишлатишди. Қўлларимизни қайириб, бизни уят сўзлар билан сўкишди ва Қрим татарлари бўлганимиз учун "Ўзбекистонга қайтариб юборамиз" деб таҳдид қилишди. Кейин улар Украина байроғи ўрнига Қрим байроғини ўрнатиб, унга честь беришди ва кетишди. Улар кетгач, бизнинг навбатчи аёл юқори қават ойнасидан у байроқни юлиб ташлади. Кейин Қрим мудофаа кучларининг аъзолари экани аниқ бўлган бу йигитлар қайтиб келишди, Қрим байроғини олиб бизнинг ҳовлимизда у ёқ бу ёққа ҳилпиратишди, бизни гижгижлашга уринишди, кейин кетишди.

Би-би-си: Сиз ҳуқуқ-тартибот органларини чақиришга уриндингизми?

Муслимова: Бизнинг ҳуқуқ-тартибот органларини чақириш ҳаракатларимизга келсак... Аслида ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодимлари уларга ҳамроҳлик қилишаётганди. Биз аёлларга қарши қўлланилган жисмоний зўравонликни кўра туриб, улар миқ этишмади, фақат четда қараб, кузатиб туришганди. Бу воқеадан ярим соат ўтгач, биз Мажлис тепасига яна Украина байроғини ўрнатдик. Мажлисимиз тепасида ҳозир яна Украина байроғи ҳилпираб турибди.

Your contact details
Disclaimer