Жо Байден: 'Гап Украинанинг мустақиллиги ҳақида бормоқда'

  • 22 Апрел 2014
  • изоҳлар

Киевдаги матбуот анжуманида гапирган АҚШ вице-президенти Жо Байден украин инқирозида гап геосиёсат ҳақида бормаётганини айтди.

"Гап бундан ҳам муҳимроқ масала-Украинанинг яхлитлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, унинг миллий шаъни ва ғурурини тиклаш ҳақида бормоқда",- деб айтди жаноб Байден.

Украина муваққат бош вазири Арсений Яценюк билан музокаралардан сўнг гапирган Байденнинг нутқи кескин оҳанги билан ажралиб турди.

У яна бир марта Россияни қўшни давлатнинг ички ишларига аралашиш ва унинг "ҳудудларини босиб олиш"нинг қабул қилиб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириб, зиддият ёйилишининг олдини олиш юзасидан қатъий чоралар кўришга чақирди.

"Бугунги кунда Украинани парчалашга уринаётганлар бор. Украина ҳаёт-мамот учун курашмоқда. Биз, Қўшма Штатлар Украинанинг бутунлиги йўлида сиз ва бутун украин ҳалқи билан биргамиз", - деб айтди Жо Байден.

АҚШ вице-президенти Қримнинг Россия томонидан қўшиб олинишини "ноқонуний ишғол" деб тасвирлади ва Қўшма Штатлар уни ҳеч қачон тан олмаслигини таъкидлади.

Рамзий ташриф

Киевга ташриф буюрган АҚШ вице-президенти Жо Байден Украинанинг янги раҳбарлари билан учрашмоқда.

Ташрифдан мақсад Украинанинг ғарбпараст ҳукуматига Вашингтоннинг дастагини намойиш этишдир.

Муваққат президент Турчинов ва бош вазир Яценюклар билан музокаралар кун тартибидаги асосий масалалардан бири май ойида ўтиши режаланган президентлик сайловлари.

Жаноб Байден АҚШнинг Киевга иқтисодий ва энергетика соҳасидаги ёрдамини эълон қилиши кутилмоқда.

Оқ Уйга кўра, жаноб Байденнинг икки кунлик сафари Вашингтоннинг Киевдаги ҳукуматнинг туб ислоҳотларни амалга ошириш режаларига дастагини намойиш этади.

25 майга белгиланган президентлик сайловлари Украинани 1991 йилда мустақиллик эълон қилганидан буён юз тутган энг чуқур сиёсий инқироздан олиб чиқишда муҳим қадам сифатида кўрилади.

Шу йилнинг февралида бир неча ойлик намойишлардан сўнг Президент Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилиши ортидан Украинанинг ҳудудий яхлитлиги хавф остида қолган.

Россия шу йилнинг март ойидаги зиддиятли референдумда Қрим ярим оролини қўшиб олиш билан чекланмай, Украинанинг русийзабон аҳоли кўп яшайдиган жануби-шарқини Киевдан ажратиб қўйиши борасида хавотирлар кучайган.

Ўзаро айбловлар

Қўшма Штатлар Украина шарқидаги россияпараст кучлар ортида Москва турганига ишонади.

Душанба куни АҚШ Давлат Котиби Жон Керри ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров телефон мулоқотида Украинадаги инқирозда бир-бирларини айблашган.

Жон Керри Лавровни ўтган ҳафта Женевада эришилган битим шартларини бажаришга чақирган, аммо Россия Ташқи ишлар вазири битим Киев томонидан бузилаётганини айтган.

Айни пайтда Донецкда якшанба куни отиб ўлдирилган уч кишининг дафн маросимлари бўлиб ўтган.

Славянск шаҳридаги россияпараст кучлар ўрнатган назорат-ўтиш нуқтасида юз берган ҳодиса тафсилотлари қоронғу.

Россия отишмада Украинанинг миллатчи "Ўнг сектор" ташкилотини айблаган.

"Ўнг сектор" эса ҳодисани "рус махсус хизматларининг иғвогарона ҳаракати" деб тасвирлаган.

Украинанинг муваққат раҳбарлари Президент Путинни мустақил Украинани йўқ қилиш ҳаракатлари ва собиқ Совет Иттифоқини тиклашга уринишда айблаганлар.