Украина инқирози: Россия манфаатларига ҳужум қилинса жавоб қайтаради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Украинадаги манфаатларига тажовуз қилинса, ҳимоя қилиш амалларига қўл урилади.

Жаноб Лавровнинг бу изҳороти 2008 йилги Гуржистон уруши давридаги вазиятга таққосланмоқда.

Russia Today телеканали билан суҳбатда Сергей Лавров шунингдек, АҚШни Украинадаги "ўйинни" бошқаришда айблади.

Айни вақтда Россия Ташқи Ишлар вазирлиги томонидан ичқарилган баёнотда Украина шарқидан ҳарбийларни олиб чиқишга даъват янграган.

Аввалроқ Украина ҳукумати мамлакат шарқида россияпараст кучлар томонидан босиб олинган қатор шаҳарлар устидан назоратни қайтариб олиш мақсадида террорга қарши амалиётлар қайта бошлангани ҳақида маълум қилганди.

Киев ва Ғарб Украина шарқидаги россияпараст кучларни Москва бошқараётганлигини таъкидлаб келмоқдалар. Бу даъволарни Россия рад этиб келмоқда.

Охирги ҳафталарда россияпараст гуруҳлар Донецк ва Луганск минтақаларидаги қатор шаҳарларда маъмурий биноларни эгаллаб олганлар.

Ҳудди шундай амаллар ҳозирда Россия таркибига киритилган Қримда ҳам амалга оширилганди.

Russia Today билан суҳбатда жаноб Лавровнинг айтишича, АҚШ вице-президенти Жо Байден сафари мобайнида Киев томонидан мамлакат шарқидаги амалиётларнинг қайта бошланиши кўп нарсадан далолат беради.

"Агарда Жанубий Осетияда бўлгани каби бизнинг қонунуий манфаатлармиз ёки русларнинг манфаатларига тўғридан-тўғри ҳужум қилинса халқаро қонунларга мос равишда тўлиқ ҳолда жавоб қатйришдан бошқа йўлини мен кўрмаяпман", - деб айтди жаноб Лавров.

2008 йили август ойида Гуржистон бўлгинчи Жанубий Осетияни россияпараст жангарилардан қайтариб олиш учун қўшин юборган вақти Россия уруш бошлаганди.

Охирги ҳафталарда Россия Украинанинг шарқий чегараларига яқин ҳудудларда ҳарбий ҳозирлигини ошириб келмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ