"ВКонтакте" тармоғи асосчиси вазифасидан четлатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Собиқ Иттифоқ республикаларидаги фойдаланувчилар орасида кенг тарқалган "ВКонтакте" Интернет ижтимоий тармоғи матбуот хизматининг маълум қилишича, тармоқ асосчиси Павел Дуров раҳбарлик мақомидан четлатилган.

Айтилишича эндиликда Павел Дуров "ВКонтакте" нинг Бош директори эмас ва унинг салоҳиятлари тўхтатилган.

"Қизиғи шуки, бу ҳақда ҳиссадорлар менга тўғридан-тўғри айтишга ҳаддилари сиғмай, ўзимнинг четлатилганим ҳақида матбуот орқали ҳабар топдим" , - дея ёзди Павел Дуров ўз саҳифасида.

"Шундай қилиб "ВКонтакте" Игор Сечин ва Алишер Усмоновларнинг тўлиқ назорати остига ўтмоқда. Россия шароитида бу нарса муқаррар эканлигини кутиш мумкин эди, лекин мен 7 йил ярим бўлса ҳам омон қолганимиздан ҳурсандман. Анча нарсага улгурдик. Биз эришган баъзи нарсаларни ортга қайтаришнинг имкони йўқ",- дея илова қилган Павел Дуров.

"ВКонтакте" матбуот хизматининг таъкидлашича, гўёки ўзидан вазифаларини соқит қилаётганлигини билдирган мактубни Павел Дуровдан 21 март куни олишган.

Бу мактубни Павел Дуров 1 апрел куни шарҳлаб, "ВКонтакте" ҳиссадорлари жамияти таркиби ўзгартирилиши ортидан Бош директор фаолияти эркинлиги анчайин чекланганлигини айтганди.

Дуровнинг айтишича, ушбу тармоққа асос солинаётган вақти қўйилган тамойилларни ҳимоя қилиш тобора қийинлашиб бормоқда.

Лекин бир неча кундан кейин Павел Дуров истеъфога чиқмоқчи эканлиги ҳақидаги хабарларни ўзи рад этганди.

Хабарларга кўра охирги вақтда "ВКонтакте" ҳиссаларининг турли ширкатларга сотилиши ортидан Павел Дуров назоратни йўқота бошлаган.

"ВКонтакте" нинг яна бошқа икки асосчиси Вячеслав Мирилашвили и Лев Левиев қўлларида бор 48% ҳиссаларни Илья Шербович раҳбарлиги остидаги "Роснефт" ва "Транснефт" ширкатларига сотиб юборганлар.

Дуровга кўра, ушбу олти-сотдилар ноқонунуий равишда амалга оширилган, чунки ҳиссалар дастлаб аввалги ҳиссадорларга таклиф этилиши керак эди.

2014 йил бошида Павел Дуровнинг ўзи қўлидаги 12 фоиз ҳиссаларни "Мегафона" раҳбари ва ЮТВ медиахолдинги соҳибларидан бири Иван Тавринга сотганди.

Таврин эса ўз навбатида бу ҳиссалрни шу заҳотиёқ Алишера Усмоновга тегишли Mail.ru Group га сотиб юборганди. Шундай қилиб ҳозирда Mail.ru Group Дуров томонидан асос солинган "ВКонтакте" нинг энг йирик ҳиссадори бўлиб қолди.