Шимолий Афғонистон: Сел қурбонлари сони юздан ортди

Афғонистоннинг ўзбеклар зич яшовчи қатор шимолий вилоятларида ҳалокатли сув тошқинлари юз берган.

Табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Жаузжон, Фарёб, Сарипул ва шу жумладан, ғарбий Бодғиз вилоятида жаъми қурбонлар сони ҳозирга келиб юздан ортган.

Ўнлаб одамлар бедарак кетишган. Қурбонлар сони бундан-да ортиши мумкин.

Минглаб одамлар эса, ўз уйларининг томларида қамалиб қолишган.

Айниқса, Жаузжон вилоятида аҳвол ниҳоятда жиддий экани айтилмоқда.

Бу ерда қурбонлар сони қарийб олтмишга етган. Саксондан ортиқ одам бедарак.

Агар, Британиянинг нуфузли Reuters ахборот агентлиги вилоят ҳокимига иқтибосан келтирган рақамларга таянилса, Фарёбда ҳам 33 киши нобуд бўлган.

Ўнлаб одамларнинг эса, ҳануз дараклари йўқ. Минглаб хонадонлар жабр кўрган, икки мингдан ортиқ ҳовли-жой вайрон бўлган.

Жаузжон вилояти ҳокими Боймурод Қўйинлининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича эса, ҳозир иккита тикучар ёрдамида қутқарув амалиётлари давом этмоқда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ушбу вилоятдаги қурбонлардан аксариятининг аёллар ва болалар экани айтилади.

Ҳоким жанобларига кўра, сув тошқинларида нобуд бўлганларнинг сони янада ортиши мумкин.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, вилоятнинг уч: Дарзоб, Қўш Тепа ва Хўжа Дуккоҳ туманлари буткул сув остида қолган ва сув тошқинлари ҳануз давом этмоқда.

Жаноб Қўйинлига кўра, ҳозир қутқарув амалиётлари учун қўшимча тикучарларга эҳтиёжлари бор ва яна уч мингта одамни хавфсиз ерга олиб чиқишлари лозим.

Табиий офат натижасида яраланганлар ҳам озмунча эмаслиги, аммо уларнинг аниқ сонларига оид маълумотларнинг жорий пайтда имконсиз экани айтилади.

Вилоят ҳокимининг сўзларидан маълум бўлишича, кўплаб чорва моллари ҳам нобуд бўлган ва катта гектардаги экин майдонларига ҳам буткул зиён етган.

Табиий офат натижасида минглаб уй-жойлар буткул вайрон бўлган, юзлаб дўкон, мактабу масжидлар сув остида қолган ва минглаб одамлар жабр кўришган.

Масъулларнинг сўзларидан аён бўлишича, ҳозир жабрдийдаларни хавфсизроқ сатҳдаги мактабларга жойлаштириш ва уларга бирламчи ёрдам кўрсатиш ҳаракатидалар.

Минглаб жабрдийдаларнинг чодир, озиқ-овқат ва дори-дармон каби фавқулодда ёрдамга эҳтиёжлари борлиги айтилади.

Ҳоким жанобларига кўра, ҳозирга келиб, табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ташкилотларнинг кўмаги зарурлиги маълум бўлган.

Марказий ҳукумат эса, талофат кўламини ўрганиш учун Жаузжонга махсус ҳайъат юборганини айтмоқда.

Жаузжон вилояти Хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Фақир Муҳаммад Жаузжоний жанобларининг биз билан суҳбатида билдиришича, марказий ҳукумат ҳозирча ўзларига нақд пул юборишини айтган.

Унга кўра, бу пул жабрдийдаларга фавқулодда кўмак кўрсатиш ва қутқарув ишларига сарфланади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, марказий ҳукумат вакиллари бутун талофат кўлами аниқланиши ортидан, яна шунга яраша кўмак беришга ҳам ваъда қилган.

Вилоят ҳокимига кўра ҳам аллақачон ёрдамга оид минглаб шикоятлар олишмоқда, аммо шу соатларда бор эътиборлари сув ичида қолган одамларни қутқаришга қаратилган.

Бу каби ҳалокатли сув тошқинларига бир неча соатлик кучли жалаларнинг ўзи кифоя қилгани айтилмоқда.

Афғонистон шимолидан олинган сўнгги хабарларга кўра, Жаузжонга қўшни Сарипул вилояти ҳам табиий офатдан жиддий зиён кўрган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳозирча олти кишининг қурбон бўлгани, кўплаб чорва моллари нобуд бўлиб, бу ерда ҳам экинзорларга жиддий зарар етгани айтилмоқда.

Расмий хабарларга кўра, 10 мингдан ортиқ ҳовли-жой ва дўконлар сув остида қолган.

Бу ерда ҳам ўн минглаб жабрдийдаларнинг фавқулодда кўмакка эҳтиёжлари бор.

Биз суҳбатда бўлган ва вазиятни яқиндан кузатиб турган сарипуллик парламент вакили Саид Анвар Саодатнинг айтишича, вилоят ҳокимлиги томонидан ҳозир сатҳга еттита ҳайъат юборилган.

Унга кўра, ҳайъатлар ўз фаолиятини якунлаши ортидан, бутун талофат кўлами тўлиқ ойдинлашади.

Ўн минглаб жабрдийдаларга ҳам рисоладагидек ёрдам кўрсатиш мумкин бўлади:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу каби табиий офат шимол билан бир вақтнинг ўзида Афғонистонинг ғарбий Бодғиз вилоятида ҳам кузатилган ва у ерда ҳам ўндан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган.

Юзлаб дўконлар, қатор ҳовли-жойлар буткул вайрон бўлган, юзлаб жабрдийдаларнинг фавқулодда ёрдамга эҳтиёжлари борлиги айтилади.

Бу каби ҳалокатли сув тошқинлари етказган зиён ўн миллионлаб афғонийга етиши тахмин этилади.

Афғонистон Фавқулодда Вазиятлар қўмитаси раҳбари муовинининг Би-би-си билан суҳбатида айтишича, ҳукуматнинг махсус ҳайъати бугун энг жабрдийда Жаузжон вилоятига жўнаб кетган ва бутун талофат кўлами аниқлангач, шунга яраша кўмак кўрсатилади.

Бу мавзуда батафсилроқ