Путин интернетни Марказий Жосуслик хизматига боғлагач, Яндекс ҳиссалари тушди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Президенти Владимир Путиннинг "Яндекс" қидирув хизмати фаолиятининг бошида Ғарбнинг кузатувига тушгани ҳақидаги гапларидан сўнг, Россиянинг IT-ширкати ҳиссалари АҚШ биржаларидаги нархи 5 фоизга арзонлади.

"Яндекс энди иш бошлаганда, уларга ҳам босим ўтказишди: шунча америкалик, шунча сонли оврўполик бўлиши лозим деган, ва улар бу билан ҳисоблашишларига тўғри келди", деб айтган Путин Санкт Петербургдаги Медиа форумда.

Шунингдек Путиннинг интернет тўғрисида билдирган бошқа сўзлари ҳам шов-шувли бўлди.

Ахборот хавфсизлиги ва халқаро тармоқларнинг ривожланиш қонунлари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашар экан, Россия президенти шундай дейди:" бу соҳанинг асосчилари- америкаликлар ва улар ўз монополияларини сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда" ва "интернет Марказий Жосуслик хизматининг махсус лойиҳаси сифатида пайдо бўлди ва шу тарзда ривожланмоқда".

"Интернет МЖХнинг махсус лойиҳаси" ибораси дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари саҳифаларига чиқди. Ушбу фикрдан сўнг жосуслик хизматидан чиққан Владимир Путиннинг Америка махсус хизматлари билан алоқаси бўлганига эътибор қаратган интернет ширкатларда хавотир уйғотмай қўймади.

Айни пайтда Россия президенти матбуот сўзчиси Дмитрий Песков Би-би-сига оммавий ахборот воситалари Путиннинг сўзлари маъносини тўғри тушунганлари айтган.

"Рақамли тажовуз"

Медиа форумда Путиннинг эътиборини Яндексга тортган блоггерлардан бири "Яндекс бир томондан қидирув хизмати, бошқа томондан ахборот воситаси каби", деб айтган.

"Шу билан бирга Яндекс оммавий ахборот воситаси сифатида лицензияга эга эмас ва ўз хабарлари бўйича масъулиятни зиммасига олмайди. Бироқ Яндексни ўн миллионлаб одамлар кўришади. "Ҳукумат бизни рақамли тажовуздан қутқариш учун қачон қадам ташлайди" деб сўрайди блоггер.

"Бу ерда ҳаммаси оддийгина эмас. Улар нима қилишади, нима қила олишмайди, ўзларидан сўраш керак", деб жавоб беради Путин, лекин рақамли тажовуз деганда нима назарда тутилиши ва Россиянинг қидирув хизматининг қандай ўрни борлигига аниқлик киритмайди.

"Яндекс миллий тизим, лекин рўйхатга олишнинг бир қисми хорижда амалга оширилади, албатта фақат солиқ учун эмас, балки бошқа сабабларга ҳам кўра", дейди Путин.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, АҚШ очиқ биржаларида Яндекс ҳиссалари нархи 5 фоизга тушган. Кейинроқ Яндекс бу зарарни бироз қоплашга эришган, лекин акцияларнинг аввалги нархлари қайта тикланмаган.

Шу ҳафтада Россия Давлат Думаси мамлакатдаги интернет ширкатлар устидан назоратни кучайтириш ҳақида қонун лойиҳасига ўзгартиришларни қабул қилган.

"Қўшма Штатларда интернет маълумотларнинг катта қисми кузатилиб, рўйхатга олинишини ҳисобга олинса, йирик миллий интернет воситаларнинг серверларини Россияда жойлаштириш ва улардаги маълумотларни ҳимоя қилиш зарур", деган шунингдек Путин.

Бу ерда гап электрон почта, лаҳзалик хабарлар жўнатиш тизимлари ва ижтимоий тармоқлар ҳақида кетмоқда.

Шунингдек "ВКонтакте" ижтимоий тармоғининг асосчиси Павел Дуров бир-икки кун олдин Россияни тарк этди ва орқага қайтишни режаламаётганини айтди.

"Афсуски бу мамлакатда ҳозир интернет бизнес қилишнинг имкони йўқ", деб билдирди Дуров. Хабарларга кўра, Дуров хавфсизлик хизматлари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмагани учун вазифасидан кетишга мажбур бўлган.

Путиннинг Медиафорумдаги чиқишидан англанишича, Россияда ахборотлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилган чора тадбирлар етарли эмас.

Путин олдинроқ Россия ширкатларида капитал жамғариш имкониятлари бўлмагани, ҳозир пайдо бўлаётгани ҳақида қайд этди.

Бироқ Путин айнан қайси ширкатларни кўзда тутаётганини очиқламаган.

Владимир Путиннинг ишонишича, маҳаллий интернет тизими тезлик билан ривожланади ва яқин келажакда Россия манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ