Славянскда аксилтеррор амалиётлар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Украина муваққат Ички Ишлар вазири Арсен Аваковга кўра, мамлакат шарқидаги аксилтеррор амалиётлар тўхтатилмаган.

Шу билан бирга жаноб Аваков ушбу амалиётларда тинч аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаслигини таъкидлаган.

Пайшанба куни Украина хавфсизлик кучлари Славянскдаги уч блок постни қўлга олиб, бузиб ташлаганлари айтилганди. Бу ҳақдаги видео лавҳа намойиш этилган.

Бироқ шаҳарда бўлгинчиларнинг таъсири ҳали катталиги, улар назоратидаги биноларни қайтариб олишга ҳаракат қилинаётгани билдирилган.

Славянскда вазият тинчлиги Россия қўшинлари Украина чегарасида ҳарбий машқларни бошлагач амалиётлар тўхтатилганидан эмас, балки бу шаҳар аҳолисини ҳимоя қилиш мақсадида таъминланганини айтган Аваков.

"Бир қанча оммавий ахборот воситалари ёзганидек, Россия қўшинлари кириб келиши хавфидан амалиётлар тўхтамади, давом этмоқда. Террористлар куну тун хушёр бўлишларига тўғри келади", деб ёзади у Фейсбукда.

"Аксилтеррор амалиётларнинг муҳим жиҳати бу тинч аҳоли учун хавфни минимум даражага туширишдир. Биз куч ишлатар йўллар билан курашмаймиз. Шафқатсизлик ва куч ишлатиш қўлида қурол бўлган террористлар учундир", дейди у.

Шунингдек Украина хавфсизлик хизмати раҳбари ўринбосари Василий Крутов тинч аҳоли орасида қурбонлар берилишининг олдини олиш мақсадида армия Славянскда ҳужумларни амалга оширмайди деган.

"Биз жангда қурбонлар берилиши мумкинлигини тушунамиз. Лекин қандайдир ғалаба учун тинч аҳоли орасида қурбон берилишига йўл қўймаймиз. Жиноятчи террористлар албатта жавоб беришлари керак", деб айтган Крутов.

Кейинроқ Украина президент маъмурияти раҳбарини бажарувчи Сергей Пашинский қурбонлар берилишига йўл қўймаслик учун Славянскни ўраб олишга қарор қилинганини маълум қилган.

Унга кўра, террористлар болалар боғчаси ва касалхоналарда ўрнашиб олганлар.

Украина хавфсизлик хизматига кўра, Крамоторск аэродромида Ми-8 тикучар портлаган. Тикучарга снайпер ўқ узган, бир киши яраланган.

Шунингдек, Одесса блок постидаги портлашда етти киши жароҳат олган.

Пайшанба куни депутат Владимир Рибакнинг дафн маросими бўлиб ўтган. У билан бирга топилган жасаднинг Киевлик талаба фаолники экани аниқланган.

Украина хавфсизлик хизмати маълумотларига қараганда, Донбасснинг етти шаҳри, хусусан Донецк, Луганск, Горловка, Славянск ва Краматорскдаги давлат идораларини бўлгинчилар эгаллаб туришибди.

Расмий Киевнинг таъкидлашича, улар орасида Россия ҳарбийлари ва махсус хизмат вакиллари бор.

Украина расмийларидаги маълумотларга биноан, Россия махсус хизмат ходимлари бир неча йил Украинада сохта ҳуддат билан яшаб, бузғунчилик фаолиятини олиб боришган.

Айни пайтда жазо изоляторида 25 та Россия махсус хизмат ходимлари борлиги айтилган.

Россия Донбассда ўз ҳарбийлари борлигини рад қилиб келади.